Янги ўқув йилига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди

Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг мажлислар залида умумий ўрта таълим мактаблари ва мактабгача таълим ташкилотларининг 2026-2027 ўқув йилига тайёргарлигига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда Олий Мажлис Сенати Қўмитаси раисининг ўринбосари, сенатор Орал Атаниязова, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қўмита раиси Мурат Атамуратов, Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазири Аманжол Аяпов, вазир ўринбосари, вазирликнинг бўлим бошлиқлари ҳамда Zoom платформаси орқали туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимларининг раҳбарлари ва соҳа вакиллари иштирок этди.

Тадбирни вазир Аманжол Аяпов кириш сўзи билан очиб, таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва янги ўқув йилига тайёргарлик ишлари ҳақида батафсил сўзлаб берди.
Шундан сўнг сенатор Орал Атаниязова таълим муассасаларининг янги ўқув йилига тайёргарлиги, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармон ва қарорларининг ижроси, ўқувчиларнинг дарсликлар билан тўлиқ таъминланиши, 1-4-синф ўқувчиларини бепул овқатлантириш (кейтеринг) тизими, мактабгача таълим ташкилотлари ва мактаб директорларининг менежерлик сертификатини олиш бўйича кўрсаткичлари ва бошқа долзарб масалалар юзасидан таълим соҳаси мутахассислари билан ўзаро мулоқот қилинди.

Ўтказилган муҳим тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қўмита раиси Мурат Атамуратов сўзга чиқиб, таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, янги ўқув йилига пухта тайёргарлик кўриш ва педагогларнинг касбий салоҳиятини ошириш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтди. У ўқитувчилар малакасини мунтазам ошириб бориш, замонавий таълим методларини амалиётга кенг жорий этиш, уларнинг меҳнатини муносиб баҳолаш ва фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш таълим сифатини оширишнинг муҳим омили эканини таъкидлади.

Тадбир давомида таълим тизимини янада ривожлантириш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилиб, аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги