«TalabaExpo – 2026» касбий кўргазмаси ўтказилди

232

28 июль куни Нукус шаҳридаги «Оқ қўш» мажмуасида «Келажакка қадам» дастури доирасида «TalabaExpo – 2026» касбий кўргазмаси бўлиб ўтди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, кўргазма-ярмарканинг очилиши муносабати билан йиғилганларни табриклади.

Ўтказилган кўргазма ярмаркасида 212 муассаса ва корхоналар 1500 дан ортиқ иш ўринлари билан иштирок этди. Шунингдек, ёшларимизга ўзини ўзи банд қилиш ва ўз бизнесини йўлга қўйиши учун 100 га яқин зарур асбоб-ускуналар, уй шароитида бизнес бошлаш учун тижорат банклари томонидан имтиёзли кредит пакетлари тақдим этилди.

Шу билан бирга, тадбир доирасида бўш иш ўринлари ярмаркаси, иш берувчилар билан учрашувлар, амалиёт ва стажировка дастурлари бўйича тақдимотлар, стартап лойиҳалар кўргазмаси, «Ўзмиллийбанк» томонидан имтиёзли кредитлар ва молиявий саводхонлик мавзусида семинарлар ташкил этилди.

– Бу йил Нукус техника университетини тугатиб, ўзимга қулай иш излаб ўтказилаётган ярмаркада иштирок этдим ва пойтахтимизда жойлашган ўқув марказига ишга жойлашдим, – дейди тадбир иштирокчиларидан бири Айнура Балтабаева. – Шу ўринда ярмаркани ташкил этган барча идора ва ташкилот раҳбарларига ўзимнинг миннатдорчилигимни билдираман.

Ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчиси Т.Худайбергенов иштирок этди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги