Замонавий кампус сари: янги бинолар қад ростламоқда

Ҳозирги кунларда республикамизнинг барча ҳудудларида бўлгани Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида ҳам қурилиш ва ободонлаштириш ишлари қизғин олиб борилмоқда.
Қўли гул қурувчилар томонидан қурилаётган янги биноларни белгиланган муддатларда топшириш бўйича амалий ишлар талабга мос давом этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов мазкур ўқув даргоҳига ташриф буюриб, бу ерда фойдаланишга топшириш арафасида турган 500 ўринли талабалар турар жойини кўздан кечирди.

Шундан сўнг университет ҳудудида янгидан қурилаётган 1800 ўринга мўлжалланган замонавий ўқув-лаборатория мажмуаси ва ахборот-ресурс маркази биносининг қурилиш жараёни билан яқиндан танишди.
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ректори Б.Жоллибеков ушбу объектларда олиб борилаётган қурилиш ишлари, уларнинг бугунги ҳолати ва лойиҳаларни белгиланган муддатларда фойдаланишга топшириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берди.

Танишув давомида қурилиш ишлари сифати, замонавий таълим инфратузилмасини яратиш, биноларни зарур ускуналар билан жиҳозлаш ва янги объектларни ўз вақтида фойдаланишга топшириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ушбу лойиҳалар университетнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, талабаларга замонавий таълим ва яшаш шароитларини яратиш билан бирга, илмий-тадқиқот ишларини ривожлантиришга хизмат қилади.

Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси