Маҳаллалар ободлиги йўлида эзгу ташаббус
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан эълон қилинган «Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги» доирасида республикамизда кенг кўламли ободанлаштириш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.
Ушбу ойлик доирасида Беруний туманида ҳам ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари, хусусан, янги дарахт кўчатлари экилиб, ҳудуд тозаланди ҳамда атроф-муҳитни янада обод қилишга қаратилган ишлар бажарилди. Шунингдек ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар хонадонларида таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, уларга амалий ёрдамлар кўрсатилмоқда.

– Шу йилнинг 16 июль куни Давлатимиз раҳбарининг маҳаллаларни ободонлаштириш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги топшириқларига асосан, «Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат» ойлиги эълон қилинган эди, – дейди имом хатиб Ислом Жумамуратов. – Беруний туманидаги Бадр ота масжиди атрофида ҳам овул фуқаролари билан биргаликда ободонлаштириш тадбирлари амалга оширилди. Биз хулоса қилмоғимиз керакки, нафақат бугун, нафақат эртага, балки йил давомида, бутун умримиз давомида уй-жойимизнинг, кўчаларимизнинг, яшаётган юртимизнинг ободлиги учун ҳаракат қилишимиз, ёшларимизга ўрнак бўлишимиз керак.

Ҳашарда маҳалла фаоллари, ташкилот ва муассаса ходимлари ҳамда фуқаролар фаол иштирок этиб, юртимиз табиатини асраш, яшил ҳудудларни кенгайтириш ва маҳаллаларни янада обод этишга муносиб ҳисса қўшди.
Бундай эзгу ташаббуслар аҳоли ўртасида ҳамжиҳатлик ва бирдамликни мустаҳкамлаб, обод ва файзли маҳалла муҳитини шакллантиришга хизмат қилмоқда.

Маълумот учун, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”да амалга оширишга қаратилган давлат дастури ҳамда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳам умумхалқ ҳашарлар давом эттирилади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги
