Касалликдан ҳимоя – билимдан бошланади

15

Инсон учун саломатликдан кўра қадрлироқ неъмат йўқ. Бугунги жадал ривожланаётган даврда ҳар биримиз ўз вақтида шахсий саломатлигимизга масъулият билан қарашимиз, ҳар қандай хасталикнинг олдини олиш йўлларини мукаммал билишимиз зарур. Булар орасида ОИВ (Одам иммун танқислиги вируси) инфекциясидан хабардор бўлиш ва профилактика қоидаларига риоя этиш алоҳида ўрин тутади.

«ОИВсиз яшанг!» ибораси шунчаки шиор эмас — бу ҳар бир инсоннинг ўз соғлиғи, келажаги ва оиласи тинчлигига бўлган масъулиятли муносабатидир.

ОИВ — инсоннинг иммун тизимига таъсир кўрсатадиган вирусдир. Бироқ, бугунги замонавий тиббиёт шуни исботладики, тўғри профилактика ва ўз вақтида кўрилган чоралар орқали ОИВ инфекцияси юқишининг олдини тўлиқ олиш мумкин. Инсонлар учун ушбу касалликтан ҳимояланишнинг олтин қоидалари мавжуд. Улар қуйидагилар:

  1. Соғлом турмуш тарзи: Оила муқаддаслиги ва содиқлик – ОИВдан ҳимояланишнинг энг мустаҳкам қалқонидир.
  2. Хавфсиз тиббий ва косметологик муолажалар: Гўзаллик салонлари, стоматология, татуировка ёки пирсинг хизматларидан фойдаланганда фақат бир марта ишлатиладиган (стерил) ускуналар қўлланилаётганига ва асбоб-ускуналарнинг тўғри дезинфекция қилинганига ишонч ҳосил қилинг.
  3. Зарарли одатлардан воз кечиш: Гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилиш ва стерил бўлмаган шприцлардан фойдаланиш вирус юқишининг энг юқори хавфли омилларидан биридир.

Афсуски, жамиятимизда хабарсизлик сабабли ОИВ ҳақида турли хил асоссиз қўрқинчли афсоналар юради. Касаллик юқиш йўлларини аниқ билиш жамиятда асоссиз хавотир ва тушунмовчиликларга барҳам беради.

ОИВ қўл бериб кўришганда, қучоқлашганда ва оддий мулоқотда, умумий идиш-товоқ, сочиқ ёки кийим-кечакдан фойдаланганда, битта хонада ишлаганда ёки ўқиганда, бассейн, ҳаммом, ҳожатхоналарда ва йўталиш, аксириш ёки чивин ҳамда бошқа хашаротлар чаққанда асло юқмайди.

Касаллик инфекцияси узоқ йиллар давомида ҳеч қандай белгиларсиз ва аломатларсиз кечиши мумкин. Шунинг учун, ўзининг ва яқинларининг саломатлигига бефарқ бўлмаган ҳар бир фуқаро йилда камида бир марта ОИВга қон таҳлили топширишини одат тусига киритиши керак. Ўз вақтида диагностика — хотиржамлик калити бўлиб ҳисобланади.

Бугунги кунда мамлакатимиздаги барча ОИТСга қарши кураш марказларида ҳамда даволаш-профилактика муассасаларида тест топшириш мутлақо бепул ва хоҳишга кўра аноним (сир сақланган ҳолда) амалга оширилади.

Агарда инсон танасида ОИВ аниқланган бўлса ҳам, бу умидсизликка тушишга сабаб бўлолмайди. Замонавий Антиретровирус терапия (АРВТ) воситасида вирус кўпайиши тўхтатилади ва иммун тизими тикланади. Дори воситаларини мунтазам қабул қилган инсон бошқалар қатори тўлақонли ҳаёт кечиради, ишлайди ва оила қуради. Шифокор назорати ва ўз вақтида олинган терапия натижасида ОИВ билан яшаётган оналардан 100 фоиз соғлом фарзандлар дунёга келади. Хулоса ўрнида шуни айтиш жоиз, «ОИВсиз яшанг» дегани — ҳар биримиз ўз соғлиғимизга ҳушёр бўлишимиз, билимсизлик ва асоссиз қўрқувлардан воз кечиб, саломатлик маданиятини юксалтиришимиз деганидир. Атрофимиздаги инсонларга нисбатан бағрикенг бўлайлик, ўз саломатлигимизни асрайлик ва келажакка масъулият билан қадам қўяйлик!

М. Бекниязова.

Г. Хабипова.

Қорақалпоғистон Республикаси ОИТСга қарши курашиш маркази шифокорлари.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги