Хавфсиз маҳалла сари амалий қадамлар

58

Нукус шаҳрида аҳоли тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарлик ҳамда жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича ишлар изчил давом этмоқда.

Айниқса, “Хавфсиз ва соғлом юрт” ойлиги доирасида профилактик тадбирларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу муносабат билан Қорақалпоғистон Республикаси прокурори Ш.Аминов, Ички ишлар вазири Б.Торебековлар томонидан Нукус шаҳрида жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида Президентимизнинг “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда “2026 йилда республика маҳаллаларида жиноятчиликнинг барвақт профилактикаси самарадорлигини янада ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари ижроси юзасидан қилинган ишлар танқидий муҳокама қилинди.

Йиғилишда, шаҳарда содир этилган олдини олиш мумкин бўлган жиноятларнинг сабаб ва омиллари, оила-турмуш, қўшничилик ва бошқа муносабатлар замиридаги ижтимоий-маиший тусдаги жиноятлар, оилавий зўравонликларнинг олдини олишга қаратилган фаолият танқидий муҳокама қилиниб, бу каби жиноятлар салмоғи юқори бўлган маҳаллалар еттиликларининг ҳамда масъулларнинг ҳисоботлари тингланди ва уларнинг такрорланмаслиги учун амалга оширилиши лозим бўлган чоралар белгилаб олинди.

Таъкидланганидек, жиноятчиликка қарши кураш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг эмас, балки маҳалла, мутасадди идоралар ва аҳолининг ҳамкорлиги орқали самара беради. Мутасаддиларнинг айтишича, ҳар бир ҳуқуқбузарликнинг сабабини ўз вақтида аниқлаш ва уни бартараф этиш орқали оғирроқ жиноятларнинг олдини олиш мумкин.

Шу билан бирга, шаҳарда манзилли профилактик тадбирлар ҳам кучайтирилган. Тунги рейдлар давомида муҳим давлат ва ижтимоий объектлар, компьютер клублари, савдо мажмуалари, қўриқлаш ҳамда видеокузатув тизимлари ўрганилиб, хавфсизлик талабларига риоя этилиши текширилиб борилмоқда.

Масъулларга хавфсизлик чораларини янада кучайтириш, жамоат тартибига таҳдид солиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳолатга тезкор чора кўриш бўйича топшириқлар берилди.

Бундай профилактик ишлар юртимизда тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш, аҳолининг хавфсиз яшашини таъминлаш ҳамда маҳаллаларда жиноятчиликнинг олдини олишга хизмат қилмоқда.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.