«Энг яхши ёш китобхон» танлови ғолиблари аниқланди

Шимоли-ғарбий ҳарбий округда «Энг яхши ёш китобхон» танловининг округ босқичи ташкил этилди.
Унда танловнинг ҳарбий қисмларда ташкил этилган саралаш босқичларида энг юқори натижаларни қўлга киритган ҳарбий хизматчилар иштирок этди.

Танлов уч шарт асосида ташкил этилиб, унда иштирокчилар ўзларининг бадиий адабиёт, миллий ва жаҳон адабиёти намуналари, буюк адиб ва мутафаккирлар ҳаёти ва ижоди, асарларнинг мазмун-моҳияти, қаҳрамонлар характери ва ғоявий йўналиши борасидаги чуқур билимларини намойиш этди. Шунингдек, иштирокчилар мутолаа маданияти, китобнинг инсон камолотидаги ўрни ҳамда маънавий-ахлоқий тарбиядаги аҳамияти юзасидан берилган мураккаб саволларга пухта, аниқ ва асосли жавоблар берди.

Интеллектуал беллашув давомида иштирокчилар ўзбек ва жаҳон адабиётининг нодир дурдоналари, буюк мутафаккирлар мероси ҳамда асарларда илгари сурилган ватанпарварлик, инсонпарварлик, фидойилик ва эзгулик ғояларини чуқур таҳлил қилиш орқали ўзларининг кенг дунёқараши ва мустақил фикрлаш салоҳиятини намоён этдилар.

– Шу кунгача жуда кўплаб китобларни ўқиганман. Тоғай Мурод, Ўткир Хошимов, Чингиз Айтматовларнинг асарларини катта қизиқиш билан мутолаа қиламан, – дейди танк ўқловчиси, оддий аскар Зокир Қобилов. – Аслида китобни танлаб ўқиш тўғри эмас, аксинча ўқиб чиққанингиздан кейин улардан олган маълумотларни саралаб, унга баҳолаш мумкин. Китобни муқовасига қараб баҳо бермаслик керак.

Танлов жараёнида ҳакамлар ҳайъати томонидан иштирокчиларнинг билим даражаси, мантиқий фикрлаши, нутқ маданияти, таҳлилий ёндашуви, бадиий асарлар мазмунини чуқур англаши ҳамда ўз фикрини асосли ва равон ифодалаш кўникмаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Якунда ғолиб ва совриндорлар, шунингдек фаол иштирокчилар Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони номидан диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тантанали равишда тақдирланди. Фахрий биринчи ўринни қўлга киритган ҳарбий хизматчи танловнинг вазирлик босқичида Шимоли-ғарбий ҳарбий округи шарафини муносиб ҳимоя қилиш ҳуқуқини қўлга киритди.


Қорақалпоғистон ахборот агентлиги