Наслчиликни такомиллаштириш йўналишида янги қадам
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида сунъий уруғлантириш (техник-осеминаторлик) бўйича 10 кунлик ўқув курсларига старт берилди.
Ўқув курсларининг биринчи куни филиал директори, профессор А.Есимбетов иштирокчиларни қутлаб, чорвачилик тармоғига замонавий технологияларни кенг жорий этиш, наслчилик ишларини илмий асосда ташкил этиш ва соҳа учун рақобатбардош мутахассисларни тайёрлаш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири эканлигини таъкидлади.

Тадбирда Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети профессори Б.Эшбуриев, Самарқанд шаҳридаги Ветеринария малака ошириш институти вакили Ш.Узақов, Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси мутахассиси Б.Баҳратдинов, филиал профессор-ўқитувчилари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасининг туман ва шаҳарларида фаолият юритаётган сунъий уруғлантириш бўйича техник-осеминаторлар иштирок этди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда чорвачилик тармоғини замонавий илм-фан ютуқлари асосида ривожлантириш, наслчилик ишларини такомиллаштириш ва юқори малакали мутахассислар тайёрлашга қаратилган ислоҳотлар босқичма-босқич давом этмоқда.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 12 майдаги «Чорвачилик тармоғи ва яйлов хўжалигини замонавий бошқарув тизими ва янгича ёндашувлар асосида ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори тармоқни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилаётган муҳим ҳуқуқий асослардан биридир.
Мазкур қарор ижроси доирасида ташкил этилган ўн кунлик ўқув курси дастури назарий билим ва амалий машғулотларни ўз ичига олади. Тингловчилар чорва молларининг анатомияси ва физиологияси, репродуктив биология, уруғ сифатини баҳолаш, уни сақлаш ва криоконсервация технологиялари, сунъий уруғлантириш ускуналари билан ишлаш, шунингдек, наслчилик ҳисобини юритиш, селекция ишларини ташкил этиш ва чорва молларини илмий асосда озиқлантириш бўйича замонавий ёндашувларни ўзлаштиради.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги