Қарздор кредит қарзи сабаб маъмурий биносидан айрилди

53

Фуқаролик ишлари бўйича Амударё туман судининг жорий йил 16 февралдаги қарори билан қарздор “GLASS TOWER” масъулияти чекланган жамиятидан ундирувчи акциядорлик-тижорат “Микрокредитбанк”нинг фойдасига 2 миллиард 197 миллион сўмдан зиёд кредит қарздорликни ундириш белгиланган.

Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси Алоҳида муҳим ижро ишларни ижро этиш бўлими томонидан қарздор “Amudaryotex” масъулияти чекланган жамиятга ижро ҳужжати талабини бажариш учун 15 кунлик ихтиёрий муддат берилди. Ушбу муддат ичида кредитни ўз вақтида қайтармаган. Натижада ижро ҳужжати талаби бажарилмаганлиги сабабли қарздорга тегишли бўлган қиймати 625 миллион сўмлик маъмурий бино хатловга олиниб, сотувга чиқарилган.

Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан шу каби банклар фойдасига кредит қарздорликларини ундириш билан боғлиқ суд қарорларининг ижроси таъминланмоқда. Жумладан, жорий йилда Бюронинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан суд қарорларига асосан тижорат банклари фойдасига кредит қарзларни ундириш билан боғлиқ жами 513 миллиард 586 миллион сўмлик 26 минг 68 та ижро ҳужжатининг ижроси таъминланган бўлиб, амалда 208 миллиард 101 миллион сўм ундирилди.

Шунингдек, қарздорларга тегишли бўлган, жами 317 миллиард 119 миллион сўмлик 819 та кўчмас мулк, қишлоқ хўжалиги техникалари, автотранспорт воситалари ва бошқада мол-мулклар тегишли тартибда хатловга олиниб, 185 миллиард 996 миллион сўмлик 627 та мулк электрон онлайн-аукцион савдоларига сотиш учун чиқарилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги