«Маҳалла лигаси» ғолиблари тақдирланди

146

Нукус шаҳридаги 1-сонли спорт мактабида «Маҳалла лигаси» спорт мусобақаларининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи якунланди.

Ушбу мусобақаларни ўтказишдан мақсад – маҳаллаларда оммавий спортни янада ривожлантириш, фуқароларнинг жисмоний фаоллигини ошириш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш ҳамда спорт орқали аҳоли ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашдир.

Маҳаллаларда яшовчи 30 ёшдан юқори бўлган фуқаролар ўртасида ўтказилган мазкур мусобақанинг якуний босқичида шаҳар ва туманлардан келган иштирокчилар спортнинг шахмат, шашка, мини-футбол, волейбол, стритбол, воркаут ва стол тенниси турлари бўйича ўзаро мусобақалашиб, спорт маҳорати, жисмоний тайёргарлиги ва ғалабага бўлган интилишини намойиш этди.

Тақдирлаш маросимида Ўзбекистон Маҳаллалар уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи С.Турманов ва тегишли ташкилот вакиллари иштирок этиб, ҳар бир спорт тури бўйича ғолиб ва совриндорларга мусобақа ташкилотчилари томонидан тайёрланган дипломлар, қимматбаҳо совғалар ва кубоклар тантанали равишда топширилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги