Корхоналарнинг солиқдан қарздорлиги қай даражада?

Солиқ бошқармаси маълумотларига кўра, бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасида 4038 юридик шахснинг ўз вақтида тўланмаган солиқ қарздорлиги 333,4 миллиард сўмни ташкил этмоқда.
Шу боис ҳудудда солиқ хизмати идоралари, Мажбурий ижро бюроси, Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари билан ҳамкорликда қарздор корхоналарнинг мол-мулкларини хатловдан ўтказиш ишлари олиб борилмоқда.
Жумладан, қарздор корхоналарнинг солиқ қарзи учун автотранспорт воситалари хатловга олинди. Агар қарздорлик белгиланган муддатда тўланмаса, ушбу бино ва автомашиналар электрон аукцион орқали сотилиб, қарздорлик давлат бюджетига ундирилади.
Йил бошидан буён биргаликда олиб борилган ишлар натижасида 421 та корхонанинг 81,0 миллиард сўмлик солиқ қарздорлиги ҳисобидан уларга тегишли мол-мулк хатловга олинди. Натижада корхоналар томонидан 51,1 миллиард сўмлик солиқ қарзи тўлаб берилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги