Ғўза парвариши бўйича муҳим чора-тадбирлар муҳокама қилинди

Қораўзак туманида «Пахта етиштиришда муҳим 30 кунлик» доирасида ғўза парваришида агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш масалаларига бағишланган дала семинари ташкил этилди.

Семинарда «Ўзагроинспекция»нинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи Е.Қайипбергенов, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги бошлиғи Дж.Худайбергенов, туман ҳокими А.Баймуратов, қишлоқ хўжалиги соҳаси мутахассислари, фермер хўжаликлари раҳбарлари ва тегишли ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Тадбир давомида ғўзанинг вегетация даврида амалга оширилиши зарур бўлган агротехник тадбирлар, хусусан, суғориш, культивация, озиқлантириш, зараркунанда ва касалликларга қарши курашиш ҳамда ўсимликларни биологик ва кимёвий ҳимоя қилиш масалалари бўйича амалий тавсиялар берилди.

Шунингдек, дала шароитида ғўзани парваришлашда йўл қўйилиши мумкин бўлган камчиликлар муҳокама қилиниб, ҳосилдорликни ошириш ва сифатли пахта етиштириш учун агротехник тадбирларни белгиланган муддатларда бажариш муҳимлиги таъкидланди.

Семинарда иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазалари ҳам тингланиб, улар мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
А.Жийемуратов, Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.