Журналистлар кириш имтиҳонлари жараёнини кузатиб борди

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Нукус филиалида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун навбатдаги пресс-тур бўлиб ўтди.
Унда республикамизда ўз фаолиятини олиб бораётган журналистлар иштирок этиб, улар ушбу ўқув юртига кириш учун касбий (ижодий) имтиҳонлар топшираётган абитуриентларнинг имтиҳон топшириш жараёни билан танишди.
Ўтказилган тадбирда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Нукус филиали қабул комиссиясининг масъул котиби Тимур Сейтмуратов томонидан иштирокчиларга кенг тушунчалар берилди.
– 2026-2027 ўқув йили учун баскетбол, бокс, волейбол, велоспорт, сузиш, енгил атлетика, қўл тўпи, қиличбозлик, оғир атлетика, академик эшкак эшиш, футбол, бадиий гимнастика, дзюдо, эркин кураш, таэквандо -WТФ, кураш, бадминтон, юнон-рум кураши, стол тенниси, карате, VK, мини футбол, адаптив жисмоний тарбия, спорт ва жисмоний маданият мутахассисликлари бўйича абитуриентлардан ҳужжатлар қабул қилинди, – дейилади қабул комиссиясининг масъул котиби Тимур Сейтмуратов. – Касбий (ижодий) имтиҳонларнинг шаффоф ва адолатли ўтишини таъминлаш мақсадида, филиал профессор-ўқитувчилари, спорт мактаблари тренерлари орасидан 63 кишидан иборат имтиҳон олувчи комиссия тасдиқланиб, ушбу комиссия аъзолари томонидан 10 июль санасидан бошлаб касбий (ижодий) имтиҳонлар бошланди.
– Ўтган йили юридик мутахассисликка ўқишга топширган эдим, – дейди амударёлик Сардор Гулманбетов. – Жорий йилда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Нукус филиали адаптив жисмоний тарбия ва спорт мутахассислиги бўйича ҳужжат топшириб, ҳозир имтиҳон топширяпмиз. Бу ерда абитуриентлар учун барча қулай шароитлар яратилган. Бунинг учун қабул комиссиясига катта раҳмат айтаман.
Ўтказилган тадбирда масъул мутахассисларга журналистлар томонидан кенг жамоатчиликни қизиқтирган масалалар бўйича саволлар берилиб, уларга жавоблар олинди.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси