Икки университет алоқаси, янги истиқболлар

Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида Хитой Халқ Республикасининг Шинжон касб-ҳунар технология университети делегациясининг ташрифи доирасида икки олий таълим муассасаси ўртасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга қаратилган муҳим музокаралар бўлиб ўтди.
Делегация миллий қадриятларимизга хос меҳмондўстлик анъаналари асосида нон ва туз билан кутиб олинди. Сўнг филиал раҳбарлари ва Хитой делегацияси аъзолари иштирокида расмий учрашув ташкил этилди.

Музокараларда икки университет ўртасида йўлга қўйилган ҳамкорлик натижалари таҳлил қилиниб, унинг истиқболдаги устувор йўналишлари атрофлича муҳокама қилинди. Таълим сифати, академик мобиллик, илмий тадқиқотлар кўламини кенгайтириш, инновацион ишланмаларни қўллаб-қувватлаш ва халқаро лойиҳаларда ўзаро иштирок этиш масалалари мулоқотнинг асосий мавзуларидан бўлди.

Учрашув якунида Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиали ва Шинжон Касб-ҳунар технология университети ўртасида ҳамкорлик тўғрисида доиравий шартнома имзоланди.

Ушбу ҳужжат икки олий таълим муассасаси ўртасидаги муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга хизмат қиладиган муҳим ҳуқуқий асос бўлди. Ушбу шартномага мувофиқ, талабаларнинг қисқа ва узоқ муддатли академик алмашинув дастурларини ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги, ветеринария тиббиёти ва турдош йўналишларда қўшма илмий тадқиқотларни амалга ошириш, профессор-ўқитувчиларнинг малакасини ошириш, халқаро илмий анжуманларни ўтказиш, олимлар ва тадқиқотчилар ўртасида тажриба алмашиш, замонавий таълим ресурсларини биргаликда яратиш ва илмий ишланмаларни амалиётга жорий этиш бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олинди. Ушбу келишувлар икки университетнинг илмий ва академик салоҳиятини бирлаштириш, инновацион ёндашувларни таълим жараёнига кенг жорий этиш, рақобатбардош мутахассислар тайёрлаш ҳамда қишлоқ хўжалиги ва ветеринария соҳалари учун юқори малакали кадрлар захирасини шакллантиришда мустаҳкам замин яратади.

Музокаралардан сўнг делегация аъзолари филиал профессор-ўқитувчилари, докторантлар, мустақил тадқиқотчилар ва ёш олимлар билан учрашув ўтказди. Очиқ мулоқот давомида замонавий таълим тизими, илмий тадқиқотларни ташкил этиш, инновацион ёндашувлар ва халқаро академик ҳамкорликнинг устувор йўналишлари юзасидан фикр алмашилди. Шунингдек, Хитой олий таълим тизими тажрибасига бағишланган маҳорат дарси ташкил этилиб, иштирокчиларни қизиқтирган бир қатор саволларга атрофлича жавоб берилди. Ташриф дастурининг навбатдаги қисмида делегация вакиллари филиалда яратилган таълим ва илмий инфратузилма билан танишди. Улар замонавий ўқув аудиториялари, илмий ва ўқув лабораториялари, амалий дарс хоналари ва талабалар учун яратилган шароитларни кўздан кечириб, таълим жараёнини ташкил этиш бўйича амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо берди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги