Конференция халқаро илмий ҳамкорлик масаласига бағишланди

97

Жорий йилнинг 10-13 июль кунлари Хитой Халқ Республикасининг Пекин шаҳрида «On Smart Agriculture Innovation Development (ICSAID-2026) » мавзусида халқаро илмий конференция бўлиб ўтди.

Халқаро тадбирда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ректори Бердияр Жоллибеков замонавий қишлоқ хўжалиги, инновацион технологияларни таълим ва илмий тадқиқотлар билан интегратциялаш, шунингдек, халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига бағишланган маърузаси билан қатнашди.

Ректор Б.Жоллибеков ўз нутқида Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида таълим ва илмий тадқиқотлар йўналишида амалга оширилаётган ишлар ва келажакдаги халқаро ҳамкорлик режалари ҳақида маълумот берди.

Конференция турли мамлакатлардан келган олимлар, тадқиқотчилар ва соҳа мутахассислари учун замонавий қишлоқ хўжалиги технологиялари, инновацион ишланмалар ва илмий тажрибалар алмашиш бўйича муҳим халқаро мулоқот майдонига айланди.

Шунингдек, конференция доирасида Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ректори Бердияр Жоллибеков Хитой муҳандислик академияси академиги, Хитой қишлоқ хўжалиги университети президенти, профессор Ўеи Чен билан учрашув ўтказди.

Самимий руҳда ўтган мулоқот давомида томонлар олий таълим ва фан соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма илмий тадқиқотлар, академик алмашинув дастурларини йўлга қўйиш ҳамда таълим соҳасига инновацион ва ақлли технологияларни жорий этиш истиқболлари юзасидан фикр алмашди.

Томонлар келгусида икки олий таълим муассасаси ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва янги қўшма ташаббусларни амалга оширишга тайёрлигини билдирди. Ушбу учрашув Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг халқаро ҳамкорлик географиясини кенгайтириш, илмий салоҳиятини ошириш ва хориждаги етакчи олий таълим муассасалари билан алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги