Нуронийларнинг ўтмиш тажрибаси ёшлар учун сабоқ

108

Нукус шаҳрида жойлашган «Оқ қуш» мажмуасида ўтмиш, бугун ва келажак авлодларни ўзида жамлаган Уч авлоднинг ўзаро дийдорлашиб, учрашув кечаси бўлиб ўтди.

Учрашувда узоқ йиллар давомида халқ хўжалигининг турли соҳаларида самарали меҳнат қилган кексалар, фахрийлар, бугунги кундаги меҳнат илғорлари ва ёшлар иштирок этди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ фахрийлар ва турли соҳа вакилларининг ибратли ишларини алоҳида тилга олди.

Ўтказилган ушбу уч авлод учрашувида ёши улуғ авлод вакиллари ёшлар билан ўзаро фикр алмашиб, ёшлик куч-ғайратини қайта ҳис этгандек бўлди, десак адашмаган бўламиз. Ёшлар эса ўзидан олдинги авлод вакилларининг панд-насиҳатларидан катта таассуротлар олди. Албатта, нуронийларнинг босиб ўтган ҳаёт йўли, эришган натижалари ва тўплаган ҳаётий тажрибаси бугунги ёш авлод учун ҳақиқий ҳаёт мактаби бўлиб, уларни юксак ютуқларга руҳлантиради.

Учрашув давомида мамлакатимиз тараққиётига салмоқли ҳисса қўшган бир қатор фахрийларга «Меҳнат фахрийси» кўкрак нишонлари ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

Тадбир санъат усталари ижросидаги концерт дастури билан давом этди.

Ўтказилган учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Турсинхон Худайбергенов, Ўзбекистон Нуронийлар жамғармаси бошқаруви раиси Содиқжон Турдиев, Қорақалпоғистон Республикаси «Нуроний» жамғармаси раиси Турсинбай Абдижаббаров иштирок этди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги