Битирувчилар ўз дипломларига эга бўлди

85

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Нукус филиалида «Ҳақ йўл сизга битирувчи!» шиори остида битирувчиларга диплом топшириш кечаси бўлиб ўтди.

Тадбирни филиал директорининг Ёшлар масалалари, маънавият ва маърифат ишлари бўйича биринчи ўринбосари Гулмурат Хожаметов кириш сўзи билан очиб, битирувчиларга юксак парвоз тилади ҳамда ҳар бир битирувчи устозларидан олган билимларига таянган ҳолда ўзларининг эгаллаган мутахассисликлари бўйича етук кадрлар бўлиб етишишларига ишонч билдирди.

Тантанали кечада Нукус шаҳридаги тадбиркорлар ҳам иштирок этиб, битирувчиларни ўзларида мавжуд бўлган иш ўринларига таклиф этди.

Кечада битирувчилар ва уларнинг ота-оналари ўзларига тўрт йил давомида таълим берган профессор-ўқитувчиларга ўз миннатдорчиликларини билдирди.

– Ушбу ўқув даргоҳида устозлардан назарий билимлар олиб, бир қатор ютуқларга эришдим. Бунинг учун устозларимга катта раҳмат айтаман ва келажакда етук кадр бўлиб, республикамиз спортини ривожлантириш учун фидокорона хизмат қилавераман, – дейди Президент стипендияси соҳибаси Дурдана Акманова.

Кечада филиал раҳбарлари ва профессор-ўқитувчилари томонидан битирувчиларга тантанали равишда дипломлар топширилди.

Маълумот учун айтадиган бўлсак, жорий йилда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Нукус филиалини 221 нафар талаба муваффақиятли тамомлади. Улар орасида Президент ва бир қатор давлат стипендиялари соҳиблари ҳам бор.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси