Эндиликда давлат боғчаларида электрон давомат тизими жорий этилади
«Болалар боғчаси» ахборот тизими орқали ходимлар ва тарбияланувчиларнинг электрон давоматини юритиш тартиби тасдиқланган.

Давлат мактабгача таълим ташкилотларида ходимлар ва тарбияланувчиларнинг электрон давоматини юритиш тартиби тасдиқланди. Бу ҳақида Таълим хабарлари Telegram-канали хабар берди.
Маълум қилинишича, Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг тегишли буйруғи билан давлат мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда «Илк ривожланиш марказлари»да «Болалар боғчаси» ахборот тизими орқали ходимлар ва тарбияланувчиларнинг электрон давоматини юритиш тартиби тасдиқланган.
Унга кўра, эндиликда давомат, иш вақти табели ҳамда айрим ҳисоб-китоблар «Болалар боғчаси» ахборот тизими орқали юритилади. 2026 йил 1 июлдан бошлаб мамлакатимиздаги барча давлат мактабгача таълим ташкилотлари ва «Илк ривожланиш марказлари»да мазкур тизим орқали электрон давомат юритиш тартиби жорий этилиши белгиланган.
Давлат мактабгача таълим ташкилотлари ходимларининг ишга келиши мобил илова орқали биометрик идентификация асосида қайд этилади. Электрон давомат маълумотлари асосида уларнинг иш вақти табели автоматик шакллантирилади.
Шунингдек, тарбияланувчиларнинг давоматини эса тарбиячилар ҳар иш куни соат 07:00 дан 09:00 гача мобил илова орқали қайд этади. Электрон тизимда қайд этилган маълумотлар боланинг боғчага келганини тасдиқловчи асосий маълумот ҳисобланади.
Бундан ташқари, электрон давомат маълумотлари кунлик озиқ-овқат харажатларини ҳисоблаш, ота-оналар бадал тўловларини шакллантириш, имтиёзларни қўллаш ҳамда қонунчиликда белгиланган бошқа ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун ягона асос бўлади.
Ҳужжатга кўра, «Болалар боғчаси» ахборот тизимида гуруҳлар, тарбияланувчилар ҳамда бино ва иншоотларга оид маълумотлар ҳам электрон шаклда юритилади. Бунда тизимда гуруҳлар сони, тарбияланувчилар таркиби, инклюзив таълим гуруҳлари, таълим тили, гуруҳларнинг иш вақти, шунингдек ота-оналар тўловидан озод этилган ҳамда имтиёзли тарбияланувчилар ҳақидаги маълумотлар автоматик шакллантирилади.
Маълумот учун, тизимга киритилган маълумотларнинг тўғрилиги учун мактабгача таълим ташкилоти директори жавобгар ҳисобланади. Мазкур маълумотлар ҳудудий мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари томонидан кўриб чиқилиб, тасдиқланади.