Ўзбекистон ва Беларусь муносабатлари стратегик шериклик даражасига кўтарилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенконинг таклифига биноан 8-9 июль кунлари расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлди.
9 июль куни Минск шаҳридаги Мустақиллик саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни тантанали кутиб олиш маросими ўтказилди.
Сарой олдидаги майдонда икки давлат байроқлари кўтарилди ва фахрий қоровул саф тортди.
Давлатимиз раҳбарини Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко самимий кутиб олди.
Давлат мадҳиялари янгради.
Етакчилар фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзоларини қутладилар.
Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко тор доирада ҳамда расмий делегациялар аъзолари иштирокида музокара ўтказдилар.
Учрашув аввалида давлатимиз раҳбари сўнгги йилларда Ўзбекистон билан Беларусь ўртасидаги кўп қиррали муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини алоҳида таъкидлади.
Ушбу ташрифга тайёргарлик доирасида Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгаши йиғилишлари, сиёсий маслаҳатлашувлар, таҳлилий доиралар учрашувлари, Ўзбекистон маданияти кунлари ҳамда бошқа тадбирлар муваффақиятли ўтказилди.
Ўзаро савдо ҳажми барқарор суръатда ўсиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Сўнгги беш йилда бу кўрсаткич қарийб 3 баробар ошиб, ўтган йил якунига кўра салкам 1 миллиард долларга етди. Жорий йилнинг ортда қолган даврида унинг ҳажми яна 30 фоизга ошди. 360 та қўшма корхона муваффақиятли фаолият юритмоқда.
Етакчилар куни кеча ўзаро савдо ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш бўйича аниқ ҳаракатлар келишиб олингани ҳамда қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, фармацевтика, электротехника, енгил саноат, мебелсозлик ва саноатнинг бошқа тармоқларида янги кооперация лойиҳаларидан иборат чора-тадбирлар режаси қабул қилинганини олқишладилар.
Ўзбекистон тинч атомдан фойдаланиш ва шу соҳада инфратузилмани барпо этиш борасидаги тажрибани алмашишдан манфаатдор экани билдирилди.
Фаол маданий-гуманитар алмашинувни изчил давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.
Йиғилиш давомида қўшма Ҳукуматлараро комиссия ҳамраисларининг ҳисоботлари ҳамда музокаралар кун тартиби юзасидан аниқ таклифлари ҳам тингланди.
Якунда Президент Шавкат Мирзиёев ҳамкасби Александр Лукашенкога расмий ташриф билан Ўзбекистонга келишни таклиф этди.
Бўлиб ўтган музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги декларацияни имзоладилар.
Шунингдек, давлат раҳбарлари ҳузурида қатор икки томонлама ҳужжатлар алмашилди. Жумладан:
– 2026-2030 йилларда савдо-иқтисодий ва ижтимоий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар режаси;
– Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Беларусь Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ўртасида 2026-2027 йилларга мўлжалланган маслаҳатлашувлар дастури;
– 2005 йил 19 январдаги “Фуқароларнинг ўзаро қатновлари тўғрисида”ги битимга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида баённома;
– Беларусь Республикаси ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ташкилий асосда қабул қилиш ва жалб этиш тўғрисида битим;
– Ўрмон хўжалигини ривожлантириш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;
– 2026-2028 йилларга мўлжалланган маданият соҳасидаги ҳамкорлик дастури;
– Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Беларусь Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ўртасида 2027-2028 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик бўйича чора-тадбирлар режаси;
– Ўзаро сайёҳлар оқимни кўпайтириш ва туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича 2026-2027 йилларга мўлжалланган қўшма ҳаракатлар режаси;
– 2026-2028 йилларда агросаноат мажмуидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш бўйича “йўл харитаси”;
– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги ҳамда Беларуснинг “Беллегпром” давлат концерни ўртасида енгил саноат соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;
– Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Беларусь Республикаси Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазирлиги ўртасида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳамкорлик бўйича ўзаро англашув меморандуми;
– Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Беларусь Республикаси Молия вазирлиги ўртасида молиявий масалалар бўйича ўзаро англашув меморандуми;
– Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Беларусь стратегик тадқиқотлар институти ўртасида Ўзбекистон – Беларусь экспертлар кенгашини таъсис этиш тўғрисида меморандум;
– Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Беларусь Республикаси Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат вазирлиги ўртасида агросаноат соҳасида инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича аҳдлашув меморандуми;
– Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва Беларусь Миллий фанлар академияси ўртасида илмий-техник ҳамкорлик бўйича ўзаро англашув меморандуми.
Шунингдек, ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ва Беларусь Республикаси Фундаментал тадқиқотлар жамғармаси ўртасида ҳам меморандум имзоланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко музокаралар якунлари тўғрисида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун баёнот бердилар.
Давлатимиз раҳбари Александр Лукашенкога самимий қабул ва илиқ меҳмондўстлик учун чин дилдан миннатдорлик билдириб, Беларусь халқини яқинда нишонланган Мустақиллик куни билан табриклади.
Ушбу расмий ташриф Ўзбекистон – Беларусь муносабатлари ривожида тарихий воқеа экани мамнуният билан қайд этилди.
Жумладан, Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги декларациянинг имзолангани саммитнинг асосий натижаларидан бири бўлди.
Ўзбекистон етакчиси таъкидлаганидек, мазкур ҳужжат давлатлараро ҳамкорликни мустаҳкамлашда янги саҳифа очиб, томонларнинг кўп қиррали шерикликни узоқ муддатли ривожлантириш борасидаги қатъий интилишини тасдиқлайди.
Музокараларга катта тайёргарлик кўрилгани уларнинг муваффақиятли ўтишида муҳим омил бўлгани қайд этилди.
Ташриф арафасида Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгаши йиғилишлари, сиёсий маслаҳатлашувлар, учинчи Ҳудудлараро форуми, Ўзбекистон маданияти кунлари ҳамда таҳлилий доиралар учрашуви бўлиб ўтди.
Давлат раҳбарлари сиёсий мулоқотни янада ривожлантириш ҳамда парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидладилар.
Саммит олдидан товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш бўйича аниқ чора-тадбирларни ҳамда устувор соҳалардаги янги лойиҳавий ташаббусларни қамраб олган комплекс режа қабул қилинди.
Бунда қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, фармацевтика, электротехника, микроэлектроника, тўқимачилик, мебелсозлик ва бошқа тармоқларда кооперацияни ривожлантириш назарда тутилган.
Ўзбекистонда биринчи атом электр станцияси ва турдош инфратузилмани қуришда Беларусь тажрибасини қўллаш юзасидан келишувга эришилди.
Учинчи Ўзбекистон – Беларусь Ҳудудлараро форумининг якунлари юқори баҳоланди. Форум ишида Ўзбекистоннинг 230 нафарга яқин тадбиркорлари иштирок этди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, МДҲ, ШҲТ ва Қўшилмаслик ҳаракати каби минтақавий ҳамда халқаро тузилмалар доирасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга интилиш қатъий экани таъкидланди.
Маданият ва санъат, таълим, соғлиқни сақлаш ҳамда туризм соҳаларидаги фаол алмашинувлар давом эттирилади.
Давлатимиз раҳбари Минск шаҳрида Ўзбекистон – Беларусь дўстлиги хиёбонини барпо этиш ташаббуси учун миннатдорлик билдирди.
Жорий йилда навбатдаги тиббиёт, таълим ва туризм форумларини ташкил этишга аҳдлашиб олинди.
Якунда бугунги тарихий ташриф натижалари стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашга ҳамда икки мамлакатнинг барқарор ривожланиши ва фаровонлигига ҳар томонлама хизмат қилиши таъкидланди.
Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Беларусга расмий ташрифи якунланди. Пойтахт аэропортида олий мартабали меҳмонни Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко кузатиб қўйди.
ЎзА