Бир томчи ортидаги стратегия: Нега БМТ Ўзбекистонни танлади?

Орол денгизи қуриши инсоният тарихидаги энг йирик экологик фожиалардан бири сифатида тилга олинади. Бир неча ўн йил аввал бутун бошли минтақа учун ҳаёт манбаи бўлган улкан сув ҳавзаси бугун қум ва туз майдонига айланган. Иқлим ўзгариши, аҳоли сони ўсиши ҳамда иқтисодиёт эҳтиёжи ортиши шароитида сув тобора стратегик ресурс мақомини олмоқда.
Шундай мураккаб вазиятда БМТнинг “UN-Water” тузилмаси 2026 йил махсус тадқиқоти учун Ўзбекистонни танлагани бежиз эмас. Ташкилот мамлакатнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари 6-йўналиши – сув ресурсларини самарали бошқариш соҳасида эришган натижаларини халқаро миқёсдаги муҳим тажриба сифатида баҳолаган.
Сув танқислиги – Марказий Осиё учун бош масала
География Ўзбекистонни сув масаласида ўта сезгир давлатлар қаторига қўяди. Мамлакат қайта тикланувчи сув захирасининг салмоқли қисми ташқи манбалар ҳисобига шаклланади. Амударё, Сирдарё, Зарафшон, Чирчиқ каби трансчегаравий хусусиятга эга асосий дарёлар тақдири минтақавий ҳамкорлик билан чамбарчас боғлиқ. Яъни, сув ресурсларини самарали бошқариш нафақат иқтисодий, балки ташқи сиёсат ва хавфсизлик масаласи ҳам.
Ҳисоботда қайд этилишича, мамлакат ҳудудининг катта қисми қурғоқчил иқлим минтақасида жойлашган. Денгиз қарийб йўқолиши оқибатида вужудга келган Оролқум ҳудуди эса экологик босимни янада кучайтирмоқда.
Беш йил ичида кескин бурилиш
“UN-Water” таҳлилчилари эътиборини тортган асосий омиллардан бири сув сарфини камайтириш бўйича нисбатан қисқа муддатда эришилган натижадир. Маълумотга кўра, 2017 йил мамлакатда сув танқислиги даражаси 169 фоизни ташкил этган, 2021 йилга келиб ушбу кўрсаткич 122 фоизга тушган. Тўрт йил давомида қайд этилган 47 фоиз пасайиш халқаро миқёсдаги жуда юқори ижобий суръат сифатида эътироф этилди.
Бу рақамлар замирида яна бир муҳим ҳолат яширин. Гап шундаки, ўзгариш табиий омиллар ҳисобидан эмас, балки бошқарув тизимидаги ислоҳот ўлароқ юз берган. Хусусан, умумий сув истеъмоли 58,9 миллиард куб метрдан 42,5 миллиард куб метргача камайтирилган. Асосий тежамкорлик қишлоқ хўжалигида кузатилган. Бу бежиз эмас, чунки мамлакатда истеъмол қилинаётган сувнинг 92 фоизи айнан аграр сектор ҳиссасига тўғри келади.
БМТ эътироф этган асосий омил – сиёсий ирода
Ҳисоботда технология ечимидан аввал сиёсий раҳбарлик биринчи ўринга қўйилган. Тадқиқот муаллифлари мамлакатда сув масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилганини алоҳида таъкидлайди. “Ўзбекистон-2030” стратегиясида сувдан оқилона фойдаланиш, суғориш самарадорлигини ошириш ва замонавий технологияни кенг жорий этиш устувор вазифа этиб белгиланган. Аслида, БМТ баҳосининг асосий мазмуни ҳам шу нуқтада намоён. Ҳужжат Ўзбекистон мисолида сув инқирозини фақат янги канал ёки насос қуриш орқали эмас, балки бошқарув тизимини ўзгартириш, молиявий механизмни янгилаш ва жамиятда ресурсларга муносабатни қайта шакллантириш орқали юмшатиш мумкинлигини кўрсатади.
Сувни тежаш энди фақат агротехник эмас, иқтисодий масала
БМТ ҳужжатида алоҳида таъкидланган жиҳатлардан бири – сувдан самарали фойдаланишни рағбатлантирувчи иқтисодий механизм жорий этилгани.Авваллари кўп мамлакатларда бўлгани каби, сувни тежаш ҳақида гапирилар, аммо фермер учун бунинг иқтисодий манфаати ҳар доим ҳам аниқ кўринмас эди. Ўзбекистонда эса айни ёндашув ўзгарди. Сув тежовчи технология жорий этмоқчи бўлган хўжаликларга имтиёзли кредит тақдим этилмоқда, ускуналар ўрнатилгандан кейин эса давлат субсидияси ва солиқ имтиёзи қўлланмоқда.
Муҳими, тизим сув тежашни экологик чақириқдан иқтисодий манфаатга айлантирди. Натижада томчилатиб суғориш, ёмғирлатиб суғориш ва ерни лазер ёрдамида текислаш технологиялари тез суръатда ривожланмоқда.
Рақамлаштириш: ҳар бир томчи назорат остида
Ҳисоботда келтирилишича, мамлакат сув ресурсларини бошқаришда рақамли технологияга кўпроқ таяна бошлади. Ақлли ҳисоблагич ва сенсорлар орқали сув сарфига оид маълумот ҳақиқий вақтга нисбатан олинмоқда. Шу тариқа нафақат йўқотиш камайтириляпти, балки қарор қабул қилиш жараёни ҳам аниқ кечяпти.
Яна бир муҳим янгилик электрон тўлов тизими жорий этилишидир. Ҳозиргача ҳисоб-китобда учраган муаммо рақамли ечим орқали бартараф этиляпти. Энди сувдан фойдаланиш устидан назорат ҳам, соҳанинг молиявий барқарорлиги ҳам кучайган.
Таҳлилчилар фикрича, келажакда соҳа рақобати инфратузилма эмас, маълумот сифати ва бошқарув самарадорлигига боғлиқ ҳолда кечади. Ўзбекистон айни йўналишда ҳаракатланаётган давлатлар қаторига киради.
Муаммони мутахассис ҳал қилади
Ҳеч қандай технология бошқарувчи кадрларсиз кутилган натижани бермайди. Шу боис мамлакатда барча туманларни қамраб олган Сув мутахассислари мактаби ташкил этилиб, фермерлар, соҳа ходимлари замонавий суғориш усуллари ҳамда янги технология бўйича ўқитилмоқда.
БМТ экспертлари мазкур тажрибани сув соҳасидаги жуда қизиқ институционал ечим сифатида баҳолайди, чунки бу тизимда кредит, технология ва таълим ягона занжирга бирлашган.
Яна бир муҳим қадам – Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида халқаро сув дипломатияси бўйича магистратура дастури йўлга қўйилгани. Мазкур ташаббус трансчегаравий дарёлар масаласида янги авлод мутахассисларини тайёрлашга хизмат қилмоқда.
Орол бўйидаги тажриба дунё эътиборини тортмоқда
Ҳисоботнинг энг таъсирли қисми Орол денгизи билан боғлиқ. Бир вақтлар сув билан қопланган улкан ҳудудда бугун миллионлаб гектар янги чўл шаклланган. Ўзбекистон ушбу майдонларни саксовул ва бошқа қурғоқчиликка чидамли ўсимликлар билан қоплаш бўйича дунёдаги йирик экологик тикланиш дастурини амалга оширмоқда.
БМТ бу лойиҳани нафақат экологик, балки инновацион ёндашув сифатида ҳам баҳолайди. Зеро, мақсад фақат ерни кўкаламзорлаштириш эмас, балки туз ва чанг бўронини камайтириш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ҳамда минтақада иқлим барқарорлигини мустаҳкамлашдан иборат.
Ўзбекистон тажрибаси нега муҳим?
“UN-Water” таҳлилчилари бир хулосага келган: Ўзбекистон ҳали сув танқислиги муаммосини тўлиқ ҳал қилгани йўқ. Мамлакатда сув сарфини янада камайтириш, ер ости сувини муҳофаза қилиш ва экологик тизимга етарли сув ажратиш каби вазифалар сақланиб турибди. Бинобарин, асосий натижа бошқа томонда. Сўнгги йилларда сув соҳасида амалга оширилаётган ислоҳот Марказий Осиёдаги долзарб муаммога нисбатан мутлақо янги ёндашув шакллантирди. БМТ Ўзбекистонни 2026 йил махсус тадқиқоти учун танлагани айнан шу билан изоҳланади.
Сув ресурслари учун рақобат кучайиб бораётган ҳозирги даврда мамлакатимиз тажрибаси нафақат миллий аҳамиятга эга, балки Марказий Осиёнинг келажак тараққиёти, экологик хавфсизлиги ва минтақавий барқарорлиги учун ҳам муҳим намунага айланмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА