Ўзбекистон Президентининг Беларусга расмий ташрифи бошланди

192

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенконинг таклифига биноан 8 июль куни расмий ташриф билан Минск шаҳрига келди.

Беларусь пойтахтининг халқаро аэропортида давлатимиз раҳбарини Беларусь Республикаси Бош вазири Александр Турчин, ташқи ишлар вазири Максим Риженков ҳамда бошқа расмийлар кутиб олди.

Олий мартабали меҳмон шарафига икки мамлакат давлат байроқлари кўтарилди ва фахрий қоровул саф тортди.

Давлатимиз раҳбари  Минск шаҳрига келгач, Ғалаба монументи пойига гулчамбар қўйди.

Ҳарбий оркестр ижросида икки давлат мадҳиялари янгради. Фахрий қоровул аскарлари тантанали равишда юриб ўтди.

Расмий ташриф доирасида Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Александр Лукашенко норасмий учрашув ўтказдилар.

Беларус етакчиси давлатимиз раҳбарини самимий қутлаб, ташриф учун миннатдорлик билдирди. Президентлар бўлажак музокаралар кун тартиби юзасидан фикр алмашдилар.

Ташриф арафасида бўлиб ўтган тадбирлар, шу жумладан, икки мамлакат ишбилармон доиралари иштирокидаги Ҳудудлараро форум якунлари юқори баҳоланди.

Ташрифнинг асосий тадбирлари 9 июль куни бўлиб ўтади. Мустақиллик саройида Ўзбекистон ва Беларусь етакчилари музокара ўтказадилар.

ЎзА