Нукус шаҳрига келтирилган янги автобуслар қандай қулайликларга эга?

Қорақалпоғистон Республикаси Транспорт вазирлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, Нукус шаҳрида аҳолига кўрсатилаётган транспорт хизматлари сифатини ошириш, йўловчиларга қўшимча қулайликлар яратиш, шаҳар жамоат транспорт тизимини такомиллаштириш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.
Республикада йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан ҳаракат таркибини янгилаган ҳолда йўловчиларга қулай ва хавфсиз хизмат кўрсатишни ташкил этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шаҳарда йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи “Fayz avangard” МЧЖ томонидан Хитой Халқ Республикасидан шаҳар жамоат транспорти инфратузилмасини такомиллаштириш мақсадида 32 дона автобус олиб келинмоқда.

Яқинда Нукус шаҳрига ушбу автобусларнинг дастлабки 12 таси олиб келинди. Қолган 20 таси келаси ҳафтада шаҳарга етиб келади. Янги олиб келинган автобуслар шаҳар ичи йўналишларида 2 йўналиш бўйича йўловчиларга хизмат кўрсатиши режалаштирилган.
– 70 нафар йўловчини қулай шароитларда манзилларига етказишга мўлжалланган мазкур автобуслар паст полли бўлиб, ногиронлиги бўлган шахслар ҳаракатланиши учун махсус пандус ускуналари ва алоҳида ўриндиқлар билан жиҳозланган, – деди Қорақалпоғистон Республикаси Транспорт вазирлиги ахборот хизмати бошлиғи Захида Қалжанова. – Йўл ҳақи тўловларини электрон тарзда ҳам амалга ошириш учун АТТО тизими ўрнатилган.

Маълумот учун, ўтган йили брутто-шартнома тизими асосида шаҳар ичида икки йўналишга янги 24 автобус жойлаштирилган эди. Ҳозирги кунда улар халққа сифатли хизмат кўсатиб келмоқда. Бу тизим асосида аслида шаҳар бўйлаб 20 йўналиш ташкил этилган. Ҳозирги кунда шундан икки – 24А ва 7А йўналишларига автобуслар жойлаштирилди.
Энди 2026 йил охиригача яна 100 дан ортиқ автобуслар олиб келиниши режалаштирилган. Нукус шаҳри ичидаги барча йўналишлар бўйича автобуслар қатнови йўлга қуйилади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги