Сув тежовчи технологиялар юқори ҳосилдорликнинг энг самарали усули

182

«Агро – инновация» рукни

Мамлакатимизда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш, қишлоқ хўжалигида сув сарфини қисқартириш ва сув тежовчи технологияларни оммалаштиришга қаратилган ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори соҳада янги босқични бошлаб берди. Унда сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш ва фермерларни бу жараёнга фаол жалб этиш устувор вазифалар сифатида белгиланган.

Айнан шу вазифалар ижроси доирасида Қорақалпоғистон Республикасида ҳам сув тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилда республикада жами 44 минг 183 гектар майдонда сув тежовчи технологияларни жорий этиш режалаштирилган. Дастур доирасида 4 минг 680 гектар ер майдонини кўчма эгилувчан қувурлар орқали суғориш белгиланган бўлиб, бугунги кунга қадар 51 минг 849 гектар майдонда ушбу технология амалиётга жорий этилди. Шунингдек, 7 минг гектар майдонни томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш, 560 гектарини эса дискрет, 2 минг гектардан ортиқ майдонни плёнка тўшаш ва 33 минг гектар майдонни лазер текислаш технологиясини жорий қилиш орқали сувни тежаш режалаштирилган.

Республикамизда фермер хўжаликлари томонидан кўчма эгилувчан қувурларни харид қилиш ва жорий этиш ишлари изчил давом этмоқда. Ҳозиргача жами 260 комплект кўчма эгилувчан қувур учун шартномалар имзолангани бу технологияга қизиқиш ва эҳтиёж юқори эканлигини кўрсатади.

Ҳудудлар кесимида олиб қаралганда, Тўрткўл туманига 24 комплект, Амударё туманига 26 комплект, Элликқалъа туманига 21 комплект, Хўжайли туманига 20 комплект, Тахиатош туманига 14 комплект, Шўманой ва Чимбой туманларига 17 комплект, Кегейли туманига 13 комплект, Қонликўл, Қўнғирот ва Нукус туманларига 10 комплектдан ва бошқа туманларга ҳам эҳтиёжга қараб кўчма эгилувчан қувур етказиб берилди.

Ушбу воситалар маҳаллий саноат корхоналари – «Бехруз – Иманали», «Drip irrigation world», «Искандарнинг орзулари», «ПМ-Равон» «Asian plastic products», «Рустам пластекс»  МЧЖлар ва «Жиззахпластмасса» корхонаси билан ҳамкорликда етказиб берилмоқда. Бу эса сув тежовчи технологияларни жорий этиш билан бирга маҳаллий ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлашга ҳам хизмат қилмоқда.

Беруний тумани тажрибаси мазкур ёндашувнинг амалий натижаларини яққол намоён этмоқда. Бу ерда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва суғориш самарадорлигини ошириш мақсадида бир қатор фермер хўжаликларида кўчма эгилувчан қувурлардан фойдаланиш йўлга қўйилган.

– Республикамизда сув танқислигининг олдини олиш мақсадида сув тежаш технологияларини жорий қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Беруний тумани «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасаси директорининг ўринбосари Эргаш Эркабоев. –  Жумладан, Беруний туманида 400 гектар пахта майдони ва 60 гектар боғларда томчилатиб суғориш технологиясидан, 300 гектар майдонларда эса жами 7 та фермер хўжалик томонидан эгилувчан қувурлардан самарали фойдаланилмоқда.

– Менинг фермер хўжалигим пахта-ғаллага ихтисослашган. Бу йил 20 гектар майдонга эгилувчан қувур олдик, – дейди Дўстлик ОФЙ да жойлашган «Жавоҳир – Бегзод» фермер хўжалиги раҳбари Илҳам Таджиев. – Эгилувчан қувурлар орқали сувни тежашдан ташқари суғориш жараёнларида инсон факторининг камайишига эришилди. Бу янги технологияни қўллаш сувни 30 фоизгача тежаб, илдизга бевосита озуқа бериш орқали ҳосилдорликни 60 центнергача ошириш ниятидамиз. Ерларимиз юз фоиз лазер қилингангани боис эгилувчан қувурлардаги сув ерларимизга бир текис етиб бормоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, эгилувчан қувурларнинг асосий афзаллиги сувни тўғридан-тўғри даланинг керакли нуқтасига етказиб беришда намоён бўлади. Натижада сувнинг ерга сингиб кетиши ёки ариқлар орқали йўқотилиши кескин камаяди. Бу эса сувдан фойдаланиш коэффициентини ошириш билан бирга, суғориш жараёнининг сифатини ҳам яхшилайди.

Яна бир муҳим жиҳат – экинларнинг бир меъёрда сув билан таъминланиши ҳисобланади. Айниқса, пахта каби сув тартибига талабчан экинларда бу омил ҳосилдорликка бевосита таъсир кўрсатади. Шу боис эгилувчан қувурлар нафақат сув тежаш, балки юқори ҳосил олишнинг ҳам муҳим воситаси сифатида қаралмоқда.

Энг муҳими, бундай технологияларнинг кенг жорий этилиши сув танқислиги шароитида ҳам қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг барқарорлигини таъминлаш, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшади.

М.Пирназарова,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги