Япониянинг нуфузли компанияларидан бири университетда

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида «KJC» Қорақалпоғистон Япония халқ таълими маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган япон тили ва касб-ҳунарга ўқитиш маркази ўз ишини муваффақиятли давом эттирмоқда.

Университетда Япониянинг нуфузли «Koutaru Kai – Joho Bencha» компанияси директори Каи Коутаро ва компания мутахассислари иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Меҳмонларни университет ректори Бердиёр Жоллибеков қабул қилиб, икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Шундан сўнг, томонлар жорий йилнинг август ойининг дастлабки ўн кунлигида Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида «KJC» маданият фестивалини ўтказиш бўйича музокаралар олиб борди. Мазкур фестиваль доирасида япон маданияти, урф-одатлари, таълим тизими ва замонавий технологиялари билан яқиндан таништирадиган турли маданий-маърифий тадбирлар ташкил этиш режалаштирилган.

Ушбу ҳамкорлик университетнинг халқаро алоқаларини мустаҳкамлаш, талабаларга янги таълим ва касбий имкониятлар яратиш ҳамда Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги дўстона муносабатларни янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги