Нукус тумани педагоглари Хитойда тажриба оширмоқда

139

Нукус тумани ҳокимлиги ва Хитой Халқ Республикаси Шинжон-Уйғур автоном вилоятининг Оқсу тумани ўртасида савдо-иқтисодий, таълим, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, энергетика, маданият ва спорт соҳаларида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган дўстлик битими имзоланган эди.

Ушбу келишув доирасида икки ҳудуд ўртасидаги ҳамкорликни амалий жиҳатдан янада кенгайтириш, айниқса, таълим соҳасида илғор тажрибаларни ўрганиш ва ўзаро алмашиш мақсадида навбатдаги муҳим ташаббус амалга оширилди.

Хусусан, Нукус тумани ҳудудидаги таълим муассасаларида фаолият юритаётган 4 нафар педагог ходим Хитой Халқ Республикасининг Шинжон-Уйғур автоном вилоятининг Оқсув туманидаги таълим муассасаларига грант асосида хизмат сафарига юборилди.

Дастур давомида педагоглар замонавий таълим жараёнлари билан яқиндан танишиш, ўқув дарсларида қўлланилаётган инновацион педагогик технологиялар, самарали дарс ўтиш методикалари, таълим муассасаларини бошқариш тизими ва ўқувчилар билимини баҳолашнинг замонавий усулларини ўрганиш имкониятига эга бўлади.

Шунингдек, хизмат сафари давомида икки томон таълим муассасалари ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш ва келгусида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича фикр алмашиш режалаштирилган.

Ушбу тажриба алмашишнинг асосий мақсади Хитой таълим тизимида кенг қўлланилаётган илғор педагогик технологиялар, инновацион ёндашувлар ва самарали ўқитиш методикаларини ўрганиш ва уларни Нукус тумани таълим муассасалари фаолиятига босқичма-босқич жорий этиш орқали таълим сифати ва самарадорлигини янада оширишдан иборат.

                                                              Қорақалпоғистон ахборот агентлиги