Баланд парвоз, Сизга битирувчилар!

Қорақалпоқ давлат ёш томошабинлар театрида Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Нукус филиалида 2025-2026-ўқув йили битирувчиларига бағишланган «Баланд парвоз, Сизга битирувчилар!» мавзусидаги диплом топшириш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда битирувчилар, уларнинг ота-оналари, профессор-ўқитувчилар, педагог ходимлар, шунингдек, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қўмита раиси М.Атамуратов, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий ишларини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими бошлиғи Т.Абдижаббаров, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ректорининг Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Ш.Эргашев ва филиал директори К.Юсуповлар барча битирувчи ёшларни самимий қутлаб, келгуси ишларига юксак парвозлар тилади ва битирувчиларга тантанали равишда дипломлар топширилди. Шунингдек, фаол битирувчиларнинг ота-оналари ва устозлари Фахрий ёрлиқ ва ташаккурномалар билан тақдирланди.

Тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Нукус филиалини 2025-2026 ўқув йилида кундузги, сиртқи ва магистратура мутахассисликлари бўйича жами 362 нафар ёшларимиз муваффақиятли тамомлади.

– Фарзандининг олий маълумотли бўлиб, жамиятда ўз ўрнига эга бўлиши ҳар бир ота-онанинг энг катта орзуларидан биридир, – дейди битирувчиларнинг ота-оналаридан бири О.Балтабаев. – Мана бугун битирувчи ёшларимиз йиллар давомида олган билимлари натижасида давлат аттестация синовлари ва битирув малакавий дипломларини муваффақиятли ҳимоя қилиб, малакавий дипломларини олишга муяссар бўлмоқда. Бу ота-онани, қолаверса, таълим берган устозларни катта қувончга тўлдиради.

Ўтказилган тантанали тадбир талаба ёшлар томонидан тайёрланган концерт дастури билан давом этди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазири Б.Темирбаев ва Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазири А.Аяповлар ҳам иштирок этди.


Қорақалпоғистон ахборот агентлиги