Ўзбекистон ва Грузия муносабатлари янги босқичга кўтарилиб, стратегик шериклик мақомини олди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзенинг таклифига биноан 2-3 июль кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлди.
Давлатимиз раҳбари 3 июль куни Тбилиси шаҳридаги Қаҳрамонлар майдонига ташриф буюрди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти шарафига фахрий қоровул саф тортди.
Мамлакатимиз етакчиси Грузия бирлиги учун ҳалок бўлган қаҳрамонлар ёдгорлиги пойига гулчамбар қўйди. Ҳарбий оркестр ижросида Ўзбекистон ва Грузия давлат мадҳиялари янгради.
Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе тор доирада ва икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида музокара ўтказдилар.
Давлатимиз раҳбари учрашув аввалида Ўзбекистон Президентининг Грузияга йигирма йилдан ортиқ даврда биринчи марта амалга оширилаётган ушбу давлат ташрифи Ўзбекистон – Грузия муносабатларини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишда алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлади.
Сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-транзит, туризм ҳамда маданий-гуманитар соҳалардаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Барча даражалардаги мулоқотлар изчил ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Томонлар ҳукуматлар, парламентлар, ишбилармон доиралар ўртасидаги фаол алоқаларни ҳамда маданий-гуманитар алмашинувларни давом эттириш муҳимлигини таъкидладилар.
Ўтган йили икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 270 миллион долларни ташкил этди, жорий йил бошидан буён эса 100 миллион доллардан ошди. Яқин йилларда ушбу кўрсаткични 1 миллиард долларга етказиш, савдодаги номутаносибликни бартараф этиш, саноат кўргазмаларини ўзаро ўтказиш орқали икки мамлакат ўртасида талаб юқори бўлган маҳсулотларни етказиб бериш ҳажмини ошириш бўйича “йўл харитаси”ни қабул қилишга келишиб олинди.
Транспорт-транзит соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ушбу муҳим йўналиш салоҳиятидан тўлақонли фойдаланиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш масалалари муҳокама қилинди.
Мамлакатимиз юкларини ташишда Поти ва Батуми портлари инфратузилмасидан фаол фойдаланиш чораларига алоҳида эътибор қаратилди. Грузияда логистика хабини, унда эса саноат зонаси ва Ўзбекистон маҳсулотлари учун шоурум ташкил этиш режалари қўллаб-қувватланди.
Давлатимиз раҳбари “Боку – Тбилиси – Карс” темир йўлининг ишга туширилганини олқишлади. Уни барпо этилаётган “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўл магистрали билан боғлаш масаласини ўрганиш таклиф этилди.
Саноат кооперацияси ҳамкорликнинг алоҳида устувор йўналиши сифатида белгиланди. Куни кеча ўтказилган қўшма бизнес форуми натижаларига юксак баҳо берилди. Унинг якунлари бўйича 2027 йилгача мўлжалланган Кооперация дастури имзоланди.
Қишлоқ хўжалиги, электротехника ва энергетика тармоқлари, фармацевтика, озиқ-овқат ва енгил саноат, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва девелопмент, рақамлаштириш, ахборот технологиялари, рақамли банк ҳамда туризм соҳаларида янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди. Лойиҳавий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш учун қўшма Инвестиция жамғармасини ташкил этиш таклиф қилинди.
Маданий-гуманитар алоқалар фаол кенгаймоқда. Жорий йилнинг март ойида Тошкент шаҳрида Грузия маданияти кунлари муваффақиятли ўтказилди.
Ўзбекистон Президенти Грузия томонига Тбилисидаги боғлардан бирига буюк шоир Алишер Навоий номини беришга қарор қилгани учун миннатдорлик билдирди.
Жорий йилда Ўзбекистонда қўшма таълим ва туризм форумларини ўтказиш режалаштирилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Грузиядаги элчихонасини таъсис этиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Музокаралар натижасида эришилган келишувлар ижросини таъминлашга қаратилган қўшма “йўл харитаси” тайёрланади.
Бўлиб ўтган музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги декларацияни имзоладилар.
Шунингдек, делегациялар раҳбарлари ҳузурида қатор икки томонлама ҳужжатлар алмашилди. Жумладан:
– Божхона ишларида ҳамкорлик ва ўзаро маъмурий ёрдам тўғрисида битим;
– Ахборот-коммуникация технологиялари ва рақамлаштириш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;
– Касбий ва олий таълим, фан ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;
– Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Грузия Ҳукумати ўртасида 2026-2027 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури;
– Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва Грузия Маданият вазирлиги ўртасида 2027-2030 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури;
– Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ва Грузия Молия вазирлиги ўртасида ўзаро англашув меморандуми;
– “E-Permit” рухсатномалар алмашинуви ахборот тизимини жорий этиш бўйича ҳамкорлик тўғрисида меморандум;
– Қишлоқ хўжалиги соҳасида ўзаро англашув меморандуми;
– Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида меморандум;
– Соғлиқни сақлаш соҳасида ўзаро англашув меморандуми;
– Радиациявий ҳимоя ва ядровий хавфсизлик масалалари бўйича ҳамкорлик ҳамда ахборот алмашиш тўғрисида меморандум;
– Меҳнат миграцияси соҳасида ўзаро англашув меморандуми;
– Туризм соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида меморандум.
Шунингдек, ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси билан Грузия Адлия вазирлиги ҳузуридаги Миллий ижро бюроси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум ҳам имзоланди.
Сўнг Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе Тбилиси шаҳрида ўзбек халқининг буюк фарзанди, шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ҳайкалининг тантанали очилиш маросимида иштирок этдилар.
Алишер Навоийнинг мероси нафақат ўзбек халқи, балки бутун инсоният бойлигидир. Ҳаётнинг ўзига хос энциклопедиясига айланган ҳазрат Навоийнинг асарлари кўплаб авлодларни илҳомлантириб келмоқда, тадқиқотчилар, адабиёт ихлосмандлари ҳамда Шарқнинг бой маънавий дунёсини чуқурроқ англамоқчи бўлган барча инсонлар учун билим манбаи бўлиб хизмат қилмоқда.
Тбилиси шаҳрида Алишер Навоий ҳайкалининг очилиши Ўзбекистон билан Грузия ўртасидаги маданий алоқалар тарихида яна бир муҳим воқеа бўлди. Халқларимизни азалдан савдо йўллари, дўстлик ва ўзаро ҳурмат ришталари боғлаб келган, бир-биримизнинг бой маданий меросимизга қизиқишимиз катта.
Ўзбекистонда буюк грузин шоири Шота Руставели ижодини чуқур ҳурмат қилишади ва қадрлашади. Тошкентнинг марказий кўчаларидан бири унинг номи билан аталган, грузин мумтоз адабиётининг буюк намояндасига ҳайкал ўрнатилган. Ўз навбатида, ўтган йилда Тбилиси марказий боғларидан бирига Алишер Навоий номи берилди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон билан Грузия ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди. Тбилиси шаҳрида Ўзбекистон маданияти ва киноси кунлари, Тошкент шаҳрида эса Грузия маданияти кунлари муваффақиятли ўтказилди.
Маросимда Алишер Навоий жаҳон адабиётининг буюк намояндаси экани, унинг бебаҳо ижоди асрлар давомида одамларни инсонпарварлик, маърифат, тафаккур ва ўзаро ҳурматга чорлаб келаётгани таъкидланди.
Тбилиси шаҳридаги Алишер Навоий ҳайкали Ўзбекистон ва Грузия халқлари ўртасида мустаҳкамланиб бораётган дўстлик ришталарининг яна бир ёрқин рамзи бўлишига ишонч билдирилди.
Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Грузияга давлат ташрифи доирасидаги тадбирлар якунига етди. Шота Руставели номидаги халқаро аэропортда олий мартабали меҳмонни Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе кузатиб қўйди.
ЎзА