Президент совғаси – автомобиль ўз эгасига тантанали равишда топширилди

Яқинда Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ёшлар куни муносабати билан Олимпия шаҳарчасида ташкил этилган махсус кўргазмада юртимизнинг фаол ёшлари томонидан яратилган инновацион ишланмалар билан танишган эди.

Кўргазма доирасида Нукус давлат техника университети талабалари томонидан «Shell Eco-marathon» халқаро танлови учун ишлаб чиқилган «Aral Drive» лойиҳаси Президентимизга тақдим этилди.
Бундан сўнг лойиҳа тақдимотини тақдим этган Техника университетининг «Иқтисодиёт ва телекоммуникация инжиниринги» факультети «Иқтисодиёт» йўналиши 2-курс талабаси Асанова Айзада Президент совғаси Volkswagen электромобили билан тақдирланди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Оринбаев ушбу автомобилни ўз эгасига топширди ва «Aral Drive» лойиҳасининг барча иштирокчиларини табриклади.
Жамоага келгусида Белгия давлатида ўтказиладиган танловда ҳам юқори натижаларни қўлга киритишига тилакдошлик билдирилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги