Маҳалладаги ижобий тажрибалар – аҳоли фаровонлигига хизмат қилмоқда

145

ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари, Ўзбекистон фермерлар кенгаши раиси Актам Хаитов Нукус шаҳрининг «Науқанбағ» маҳалла фуқаролар йиғинида бўлди.

Ташриф давомида маҳаллада фаолият юритаётган «еттилик» аъзолари билан учрашув ўтказилди. Унда маҳаллада аҳоли муаммоларини ўз вақтида аниқлаш ва ҳал этиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш, ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда маҳалладаги ижтимоий-маънавий муҳитни янада мустаҳкамлаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.

Учрашувда «Науқанбағ» маҳалласида аҳоли учун яратилган шарт-шароитлар, ободонлаштириш ишлари, ҳудуд инфратузилмасини яхшилаш, фуқароларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва маҳалланинг ички имкониятларидан самарали фойдаланиш борасида амалга оширилаётган ишлар эътироф этилди.

Шунингдек, Актам Хаитов маҳалла раиси ташаббуси ва фуқароларнинг фаол иштироки билан ташкил этилган музей фаолияти билан танишди. Музейда Қорақалпоқ халқининг бой тарихи, миллий турмуш тарзи, қадимий рўзғор буюмлари, ҳунармандчилик намуналари ва маданий меросини акс эттирувчи экспонатлар жамланган.

Қайд этилганидек, мазкур музей нафақат маҳалла аҳли, балки ёш авлодни миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, тарихий меросни асраб-авайлаш ва туризм салоҳиятини оширишга хизмат қилаётган муҳим маънавий маскан ҳисобланади.

Ташриф якунида маҳаллада амалга оширилаётган эзгу ташаббуслар, аҳолининг ҳамжиҳатлиги ва фуқароларнинг ўз ҳудудини обод қилишга қаратилган саъй-ҳаракатлари юксак баҳоланди ҳамда бу каби ижобий тажрибаларни бошқа маҳаллаларда ҳам кенг оммалаштириш муҳим экани таъкидланди.

                                                                       Қорақалпоғистон ахборот агентлиги