Ёшлар билан очиқ мулоқот: имкониятлар, ташаббуслар ва келажак сари ишончли қадам

32

Нукус шаҳрида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари, Ўзбекистон фермерлар кенгаши раиси Актам Хаитовнинг ёшлар билан очиқ мулоқоти бўлиб ўтди.

Учрашувда Нукус шаҳри ҳокими Абат Данияров, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси Равшан Мамутов, Қонунчилик палатаси депутати Адҳамбек Исмаилов, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси департамент раҳбари Акром Алимов, ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси Сағындық Турманов, партия фаоллари, Ёшлар қаноти вакиллари ҳамда ёшлар иштирок этди.

Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йилнинг 30 июнь куни ёшлар билан ўтказган очиқ мулоқотида белгиланган устувор вазифалар, ёшларга яратилаётган янги имкониятлар, таълим, тадбиркорлик, бандлик ва иқтидорли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган ташаббуслар хусусида атрофлича фикр алмашилди.

Шунингдек, партия томонидан амалга оширилаётган «Халқ билан бирга» умуммиллий лойиҳаси доирасида ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ҳамда жамият ҳаётидаги иштирокини кенгайтириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумотлар берилди.

Учрашув самимий ва очиқ мулоқот руҳида ўтди. Ёшлар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, партиянинг келгусидаги режалари, ёшлар учун янги лойиҳалар ва сиёсий жараёнларга оид ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилди. Барча саволларга атрофлича жавоб қайтарилиб, ёшларнинг таклиф ва ташаббуслари қўллаб-қувватланди.

Тадбирнинг энг таъсирли лаҳзаларидан бири фаол ёшларни рағбатлантириш маросими бўлди. Жамиятда фуқаролар, айниқса ёшлар ўртасида сиёсий маданият ва ҳуқуқий билимларни юксалтириш, партиянинг мақсад ва вазифаларини кенг тарғиб қилишда фаоллик кўрсатган ЎзЛиДеП Ёшлар қанотининг беш нафар фаолига ташаккурнома ҳамда планшетлар тантанали равишда топширилди.

Учрашувда партия волонтёри Дилноза Еримбатова ҳам сўзга чиқиб, ЎзЛиДеПга 2024 йилда аъзо бўлганидан сўнг ҳаётида катта ўзгаришлар юз берганини алоҳида таъкидлади. У партия орқали сиёсий жараёнларда фаол иштирок этиш имкониятига эга бўлгани, депутатлар, партия фаоллари ва катта тажрибага эга устозлардан билим ва ҳаётий тажриба олганини билдирди.

Дилноза Еримбатова ўз меҳнати натижасида «Умид» учкуни ва «Зулфия» мукофоти соҳиби бўлганини, ушбу ютуқларга эришишида партия томонидан яратилган имкониятлар, қўллаб-қувватлаш ва ишонч муҳим аҳамият касб этганини қайд этди. У келгусида халқ ишончига сазовор депутат бўлишни ўзининг энг катта мақсади сифатида белгилаганини билдирди.

Тадбир иштирокчилари томонидан бундай учрашувлар ёшларнинг сиёсий онги, ҳуқуқий маданияти ва фуқаролик позициясини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди. Айниқса, ёшларнинг партия фаолиятига бўлган қизиқиши янада ортиб, мамлакат тараққиёти йўлидаги ислоҳотларда фаол иштирок этишга интилиши кучайгани учрашувнинг энг муҳим натижаларидан бири бўлди.

Бу каби очиқ мулоқотлар ЎзЛиДеПнинг ёшлар билан доимий мулоқотда эканини, уларнинг фикр ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда мамлакат келажагини барпо этадиган фаол, билимли ва ватанпарвар авлодни тарбиялашга қаратилган саъй-ҳаракатлари изчил давом этаётганини яна бир бор намоён этди.

                                                                    Қорақалпоғистон ахборот агентлиги