«Ҳарбий ватанпарварлик спартакиадаси»нинг республика босқичи ўтказилди

58

Қорақалпоғистон Республикасида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ва Шимоли-ғарбий ҳарбий округи ҳамкорлигида «Ўзбекистон – ягона Ватан, унга хизмат қилиш муқаддас бурч!» шиори остида «Ҳарбий ватанпарварлик спартакиадаси» ҳарбий-спорт мусобақасининг республика босқичи ташкил этилди.

Республика босқичида туман ва шаҳар босқичларида ғолиб бўлган жамоалар иштирок этди. Мусобақаларда Қорақалпоғистон Республикасининг барча туман ва шаҳарларидаги умумтаълим мактабларининг 9-11-синф ўқувчиларидан иборат жамоалар ўзаро куч синашди. Лойиҳа доирасида жами 5 мингга яқин ёшлар қамраб олинди.

Мусобақа дастури тўрт шарт асосида ташкил этилди. Жумладан, «Турникда тортилиш» шартида иштирокчиларнинг жисмоний тайёргарлиги ва чидамлилиги, «Моҳир мерган» беллашувида пневматик қуролдан нишонга аниқ ўқ отиш маҳорати баҳоланди. «Ҳарбий эстафета» шартларида жамоаларнинг тезкорлиги, чаққонлиги, ҳарбий-амалий тайёргарлиги ва ўзаро ҳамкорлиги синовдан ўтказилган бўлса, «Арқон тортиш» беллашувида иштирокчиларнинг жисмоний кучи ҳамда жамоавий ҳамжиҳатлиги баҳоланди.

Беллашувлар ҳакамлар ҳайъати томонидан белгиланган низом ва баҳолаш мезонлари асосида ўтказилди. Мусобақа давомида иштирокчилар белгиланган шартларни тўлиқ бажарган ҳолда ўзларининг жисмоний тайёргарлиги, ҳарбий-амалий кўникмалари ҳамда жамоада ишлаш салоҳиятини намойиш этди.

Якуний натижаларга кўра, Кегейли туманидаги 41-сонли умумий ўрта таълим мактаби жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи ўрин Амударё туманидаги 40-сонли умумий ўрта таълим мактаби жамоасига насиб этди. Учинчи ўринни эса Тахиатош туманидаги 22-сонли умумий ўрта таълим мактаби жамоаси қўлга киритди.

Якунда ғолиб ва совриндор жамоалар ҳамда фаол иштирокчилар кубок, диплом, медаль ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги