Қорақалпоқ халқининг бой амалий-безак санъати ноёб намунаси

81

Оқ жегде – қорақалпоқ халқининг ёши улуғ аёлларига хос анъанавий устки ёпинчиғи бўлиб, миллий либосларнинг энг ўзига хос намуналаридан бири ҳисобланади. Унинг асосий хусусияти орқа томонга ташлаб қўйилиб, махсус боғичлар билан боғлаб қўйиладиган узун енглардир. Бу хусусият анъанавий кийимларнинг қадимий белгилари бугунги кунгача сақланиб қолганлигини кўрсатади.

Оқ жегденинг энг юксак бадиий аҳамияти унинг нафис ва бой каштачилик безакларида намоён бўлади. Оқ мато устига қизил ипак иплар билан шатраш (саноқ хоч усули) ҳамда саноқ босма усулларида тикилган кашталар геометрик ва стилизацияланган ўсимликсимон нақшлардан иборат. Олд ва орқа қисм, ёқа ва кўпинча енглар ҳам нақшлар билан безатилиб, яхлит композицияни ҳосил қилган. Кийим эгаси кексайгани сари кашталар миқдори камайиб борган ва энг кекса аёлларнинг оқ жегделарида безаклар, асосан, ёқа қисмидагина сақланиб қолган.

Айниқса, ёқа қисми безагига алоҳида эътибор қаратилган, чунки у қадимий тушунчаларга кўра ҳимоя вазифасини бажарган. Оқ жегденинг этак қисми ғарға туяқ («қарға тирноғи») деб аталувчи ўзига хос попуксимон нақш билан якунланади. Ушбу безак ХIХ – XX аср бошларидаги қорақалпоқ гиламдўзлик санъатида ҳам кенг тарқалган нақшлардан бири ҳисобланади.

Бугунги кунда оқ жегде нафақат анъанавий кийим намунаси, балки қорақалпоқ халқининг бой амалий-безак санъатини ўзида мужассам этган нодир санъат асари сифатида ҳам юксак қадрланади. Унда қадимий нақш анъаналари халқ каштадўзларининг юксак маҳорати билан уйғунлашган.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги