Амударёлик ёшлар мусобақа ғолиби бўлди

Нукус шаҳрида футбол бўйича Давлат хавфсизлик хизмати кубогининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи бўлиб ўтди.
Республикамизнинг барча ҳудудларидан энг кучли жамоалар иштирок этган мусобақада ўйинлар жуда қизиқарли бўлиб ўтиб, ярим финалга Амударё, Кегейли, Тахтакўпир ва Элликқалъа туманлари жамоалари етиб келди.
Кескин кечган ярим финалда Амударё тумани Тўлқин қишлоқ фуқаролар йиғини ёшлари Тахтакўпир шаҳарча фуқаролар йиғини жамоасини 2:1, Кегейли тумани Халқобод МФЙ жамоаси Элликқалъа тумани Пахтачи МФЙ ёшларини 1:0 ҳисобида енгиб чиқишга муваффақ бўлди.
Кубок ғолиблиги учун ўтказилган финал ўйинида эса, амударёлик ёшлар Кегейли тумани жамоасини 2:0 ҳисобида енгиб, бош соврин соҳибига айланди.

Фахрли учинчи ўрин учун бўлган беллашувда эса, Пахтачи МФЙ ёшлари Тахтакўпир шаҳарча фуқаролар йиғини жамоасини пенальтилар сериясида 3:1 ҳисобида енгиб, бронза медали соҳибига айланди.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси