Маҳалла аҳолисининг бандлиги таъминланмоқда

158

Одам қўли гул. Инсоннинг меҳнати билан обод бўлган ерларни кўрганда беихтиёр шу сўзни айтасан. Ўт-ўлан босиб, ўрмонзор бўлган ерларни обод қилиб, янги ташаббуслар билан юрган инсонлар ҳар доим таҳсинга сазовор. Биз сўнгги вақтларда республикамизда олиб борилаётган ислоҳотлар негизида шундай обод бўлган ерларнинг кўп марта гувоҳи бўлмоқдамиз.

Қорақалпоғистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги матбуот хизмати томонидан Кегейли тумани «Жузимбоғ» ҚФЙда янги қурилган иссиқхона ишлари билан танишиш мақсадида оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида тадбир ташкил этилди.

Президентимизнинг 2024 йил 4 октябрдаги «Камбағалликни қисқартириш ва бандлик соҳасида давлат сиёсатини такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги жамғармаси ҳисобидан 5 гектар ер майдонига 7,5 млрд. сўм ажратилиб, «STONE FOR BUSINESS» масъулияти чекланган жамияти томонидан қуриб битказилган иссиқхонаси жорий йилнинг февраль ойидан бошлаб ўз фаолиятини бошлайди. Ўт-ўлан босиб, дашт бўлиб бораётган ерни обод этиб, полиз маҳсулотларини етиштириб, халқ дастурхонига етказишдек шарафли ишни йўлга қўйишнинг яна бир эътиборли жиҳати шундаки, камбағаллик реэстрида турган фуқароларнинг бандлигини таъминлаш асосий мақсад қилиб олинган.

– Иссиқхонамизда 5 гектар ерга бодринг экилиб, ҳозирги вақтда йиққан маҳсулотни ички бозорга етказиб беряпмиз. Маҳаллий деҳқонлар билан маслаҳатлашиб, ушбу ҳудудга мослигини инобатга олиб, бодрингнинг фантино навини экдик. Кунига тўрт тонна маҳсулот йиғиб оляпмиз ва ички бозорга чиқаряпмиз. Мижозлар талаби бўйича маҳсулотни етказиб бериб келяпмиз. Кам таъминланган оилалардан 50 кишини иш билан таъминлаганмиз ва улар иссиқ овқат, қулай шароитлар билан таъминланган. Келгусида помидор, бақлажон, қулупнай маҳсулотларини экиб, етиштириш ниятидамиз, – дейди корхона раҳбари, бухоролик тадбиркор А.Ходжиев.

Корхона раҳбарининг таъкидлашича, иссиқхонада тажриба сифатида экилган бодринг ҳосилининг биринчи ҳосили жорий йилнинг апрель ойида йиғиб олинган бўлса, бугунги кунда ҳосилни йиғиштиришнинг сўнгги босқичлари давом этмоқда. Иссиқхонада ҳар ойда 10 сотих ер майдони ажратилиб, бодринг, сўнгра помидор экиш ишлари амалга оширилади.

Кўриб гувоҳ бўлганимиздек, ишчилар учун иссиқ овқат ўз вақтида, овқатланиш ва душ қабул қилиш жойлари замон талаблари асосида ишланган.

– Ишсиз эдим. Умр йўлдошим касал. Туман камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлимига иш сўраб мурожаат қилган эдим. Уларнинг таклифи билан шу ерга ишга ўтдим. Мана ҳозир февраль ойидан бошлаб, яъни иссиқхона иш бошлаган вақтдан бери бодринг экканимдан бошлаб иш қиляпман. Даромадимизни ўз вақтида олиб турибмиз. Талаба боламнинг ўқишига контракт пулини тўлаяпман, қизимни пуллик ўқув курсида тайёрлатяпман. Иш қийин эмас, ишли бўлганимдан хурсандман, – дейди «Жузимбоғ» ҚФЙ фуқароси Салтанат Адилбаева.

Биз иш билан таъминланган қишлоқ аҳолиси билан суҳбатлашар эканмиз, барчаси Салтанат опа сингари қишлоқдан шундай иссиқхона очилгани ва ишли бўлганидан хурсанд.

Мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар асосида эришилаётган ютуқларнинг биз яна бирининг гувоҳи бўлдик. Одамларнинг юртимизда шундай имкониятлар яратилаётганидан миннатдорлигини кўрар эканмиз, шундай қишлоқ жойларда замонавий иссиқхоналар қурилади, бир пайтлар қишнинг қировли кунларида бозордан сотиб олинадиган бодринг-помидорлар олис қишлоқ жойларда етиштирилади ва аҳоли ўз уйларига яқин жойлардан иш билан таъминланади деб ким ўйлабди, дейсиз. Албатта буларнинг барчаси юртимизда ҳурматли Президентимиз раҳбарлигида олиб борилаётган ислоҳотларнинг амалдаги натижалари.

                                 Гулнара Турдишова, Қорақалпоғистон ахборот агентлиги