Маҳсулотларнинг рақобатбардошлиги экспорт ҳажмини оширмоқда

Қорақалпоғистон Республикаси Божхона бошқармасида оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Очиқ мулоқот тарзида ташкил этилган мазкур учрашувни бошқарма бошлиғи Б.Қутлимуратов олиб борди ҳамда божхона қонунчилигидаги ўзгариш ва янгиланишлар, бошқарманинг асосий кўрсаткичлари ҳақида маълумот берди.
Таъкидланганидек, Қорақалпоғистон Республикаси Божхона бошқармаси таркибидаги чегара божхона пости орқали ҳаракатланган йўловчилар бўйича постлар кесимида ва жами ҳаракатланган фуқароларимиз киришда 137702, чиқишда 181939 кишини ташкил этди.
Хавфни бошқаришнинг автоматлаштирилган тизими томонидан жами 12 435 та божхона юк декларацияси расмийлаштирилди. Ҳисобот даврида божхона соҳасига оид қонун ҳужжатлари бузилиши билан боғлиқ 394 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланиб, қиймати 19 миллиард 250 миллион сўмлик товар-моддий бойликлар ашёвий далил сифатида олинди. Шундан жами 11 та ҳолатда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Божхона бошқармаси мисолида, ўтган 2026 йилнинг 5 ойи давомида товарларнинг ташқи савдоси (махсус экспортдан ташқари) 411,7 млн. АҚШ долларидан иборат бўлиб, 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 101,2 млн. АҚШ долларига (ёки 32,6 фоизга) кўпайган. Шундан бошқарма томонидан қиймати 130,8 миллион АҚШ долларидан ортиқ маҳсулотлар экспорт божхона режимига расмийлаштирилди.
Умумий қиймати 280,9 миллион АҚШ долларига тенг маҳсулот бошқарма томонидан импорт божхона режимига расмийлаштирилди.
Давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз томонидан тадбиркорлик субъектларига рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқариш орқали экспорт ҳажмини ошириш ва импортни оптималлаштириш йўлида қабул қилинган қонун ҳужжатларида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, божхона органлари томонидан ўтган 2026 йилнинг 5 ойи давомида ТИФ иштирокчиларига жами 465 млрд. 88 млн. сўм миқдорида божхона тўловларидан имтиёзлар қўлланилди.
2026 йилнинг январь-май ойлари давомида телевидение орқали 132 та кўрсатувда, радио орқали 61 та эшиттиришда материал юборилди, матбуот ва электрон нашрларда 490 та мақола чоп этилди.
Тадбирда бошқарма бошлиғи Б.Қутлимуратов 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳа вакилларини самимий табриклаб, божхона ишини кенг жамоатчиликка етказишда яқиндан ҳамкорлик қилаётган бир гуруҳ оммавий ахборот воситалари вакилларига миннатдорлик билдирди. Божхона қўмитасининг тегишли буйруғи билан ҳам эсталик совғалари топширилди.

Тадбир давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги