Шавкат Мирзиёев: Биз учун болаларимизнинг маънавияти, билими, соғлиги энг муҳим масала

Давлатимиз раҳбари жойларга ташрифи чоғида ёш авлод тарбиясининг бирламчи ва муҳим бўғини сифатида мактабгача таълим тизимини юксалтириш, боғчаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларни моҳир педагоглар билан таъминлаш, болаларни мактабга сифатли тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратмоқда.

Жорий йил 30 сентябрдаги “Мактабгача таълим тизимини бошқаришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори бу борада амалга оширилаётган ишларни янги босқичга кўтаради.Мактабгача таълим тизимини такомиллаштириш борасида Тошкент шаҳри Юнусобод туманида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Туманнинг Боғишамол маҳалласида жойлашган “Севинч” номли 74-мактабгача таълим муассасаси болалар учун ҳақиқий орзулар масканига айланди. Боиси 1976 йили қурилган мактабгача таълим муассасаси жорий йилда тубдан таъмирланиб, Президентимиз ташрифи арафасида фойдаланишга топширилди.

275 ўринли муассасасининг машғулот хоналари болалар тарбияси учун зарур, бежирим ва қизиқарли инвентарларга бой. Ошхона ва спорт зали янгидан қурилган.

Муассаса инновацион технологиялар асосида жиҳозланган бўлиб, мамлакатимиздаги илк “ақлли боғча” ҳисобланади. Бу ерда болалар хавфсизлиги таъминлаш мақсадида келувчиларни назорат қилиш ускунаси, ҳар бир хонага домофон ўрнатилган. Ота-оналар фарзанди қайси гуруҳида бўлса, шу хонани боғловчи тугмани босгандан сўнг тарбиячи болани олиб чиқиб беради. Бинога кираверишда қўйилган таблодан боланинг ўз гуруҳига кирганини кўриш, ҳар бир гуруҳдаги машғулотни онлайн кузатиш мумкин.

Ичкарида зина ва хоналарга ишланган рангли белгилар, тафаккурга ундовчи расмлар болаларни ранг билиш, санашга ўргатади. Йўл кўрсатувчи рангли чизиқлар орқали кичкинтойлар ўз гуруҳини топиб боради.

Ҳар бир машғулот хонасида “Илк қадам” дастури асосида ишлаб чиқилган мультимедиа тажриба-синов дастурига эга мониторлар ўрнатилган. Бу дастурдаги турли соҳаларга оид суратлар, интерфаол ўйинлар ёрдамида болаларнинг билим ва кўникмаси шакллантирилади.

Адлия вазирлиги буюртмаси асосида “Sotol systems” компанияда ишлаб чиқилган ушбу дастур онлайн тарзда ишлайди. Уни ота-оналар ҳам ўяли телефонига юклаб олиб, уйда телевизор орқали шуғулланиши мумкин.

Давлатимиз раҳбари боғчада яратилган шароитлар билан танишди, тарбиячилар билан мулоқот қилди.

Биз учун болаларимизнинг маънавияти, билими, соғлиги энг муҳим масала. Шунинг учун давлат томонидан мактабгача таълимга катта эътибор бериляпти ва бу ҳали бошланиши. Сизларнинг вазифангиз болаларнинг кўзидаги нурни илғаб олиш, уларга яхши тарбия бериш, деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбарига Тошкент шаҳридаги мактабгача таълим муассасаларининг ҳолати ва уларни ривожлантиришга оид лойиҳалар ҳақида маълумот берилди. Президентимиз бу борадаги таклифларни маъқуллаб, давлат хусусий шериклик асосида янги боғчалар қуриш, болаларни қамраб олишни кенгайтириш ва келгусида юз фоизга етказиш зарурлигини таъкидлади.

Шу ерда Жанубий Кореянинг Пучон университети раҳбарлари билан видеоконференция орқали мулоқот қилинди.

Президентимиз боғча тарбияланувчиларига совғалар берди.

photo5375503754423544311.jpg
photo5375503754423544312.jpg
photo5375503754423544313.jpg
photo5375503754423544314.jpg
photo5375503754423544315.jpg
photo5375503754423544316.jpg
photo5375503754423544317.jpg
photo5375503754423544318.jpg
photo5375503754423544319.jpg

 

Матназар Элмуродов, ЎзА​​