Байроғимиз баланд кўтарилган лаҳзалар ҳар қандай мукофотдан қадрлироқ

113

Болалигимдан спортга меҳр қўйганман. Эркин кураш билан шуғулланаман. Бу спорт тури менга ўзининг шиддати, қатъият талаб қилиши ва инсон характерини чиниқтириши билан ёқиб қолган. Вақт ўтиши билан ана шу қизиқиш мақсадга, мақсад эса ҳаёт йўлимга айланди.

Бугун спорт соҳасига эътибор, замонавий спорт иншоотлари, малакали мураббийлар фаолияти, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлашга қаратилган тизимли ишлар кўплаб йигит-қизларнинг катта спортга кириб келишига хизмат қилмоқда. Мен ҳам ана шу имкониятлардан самарали фойдаланган ёшлар қаторидаман. Айниқса, Қорақалпоғистонда спортни ривожлантириш, ёшларни соғлом турмуш тарзига жалб этиш, қизларнинг спорт билан шуғулланишига кўмаклашиш йўлидаги ишлар янги авлод спортчилар камол топишига мустаҳкам замин яратмоқда. Халқаро майдонларда юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган кўплаб спортчилар қатори мен ҳам яратилган шароит ва берилган ишончнинг самарасини ўз фаолиятим мисолида чуқур ҳис қиламан.

2013 йилда эркин кураш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси сафига қабул қилиндим. Бу мен учун катта ишонч ва айни пайтда катта масъулият эди. Энди мен нафақат ўзим, балки бутун мамлакатимиз номидан гиламга чиқардим. Шу даврдан бошлаб халқаро мусобақалар сари йўл очилди. Олдинда эса ўз кучимни жаҳон миқёсидаги нуфузли баҳсларда синовдан ўтказиш, Ўзбекистон байроғини халқаро ареналарда муносиб ҳимоя қилишдек масъулиятли вазифалар кутиб турарди. Ана шу мусобақалар спортчилик фаолиятимнинг кейинги, янада муҳим босқичи бўлди.

Халқаро майдондаги дастлабки ютуқларим 2014 йилга тўғри келади. Ўша йили Таиланднинг Чонбури шаҳрида эркин кураш бўйича ўтказилган Осиё чемпионатида 3-ўринни эгалладим. Шунингдек, 2015 йилда Ҳиндистоннинг Нью-Деҳли шаҳрида ўтказилган Осиё чемпионатида ҳам фахрли ўринга сазовор бўлдим. Энг муҳими, бу ютуқлар янада катта мақсадлар сари интилишим учун куч ва рағбат берди.

Кейинги йилларда мураббийларимнинг сабоқлари ва машғулотларда орттирган тажрибам натижаларда акс эта бошлади. 2016 йилда Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида ўтказилган халқаро мусобақада 1-ўринни эгаллаш насиб этди. Мазкур ғалаба фаолиятимдаги муҳим босқичлардан бири бўлди. Ўша йил Филиппиннинг Манила шаҳрида ўтган Осиё чемпионатида, Тайваннинг Тайчунг шаҳридаги Осиё чемпионатида ҳам 3-ўринни қўлга киритдим.

Бундан ташқари, фаолиятимнинг муҳим ютуқларидан бири сифатида 2011-2018 йиллар давомида эркин кураш бўйича ўн карра Ўзбекистон чемпиони бўлганимни алоҳида қайд этишим мумкин.

Йиллар давомида халқаро майдонларда орттирган тажрибам мени янада йирик мусобақалар сари етаклади. Фаолиятимдаги энг эсда қоларли мусобақалардан бири 2023 йилда Хитойнинг Гуанчжоу шаҳрида ўтказилган 19-Осиё ўйинлари бўлди. Ушбу нуфузли мусобақада 3-ўринни эгаллашим мен учун унутилмас воқеа эди. Олдинда эса ҳар бир спортчи орзу қиладиган энг йирик мусобақа — Олимпия ўйинлари турарди. Бу йўлнинг қанчалик мураккаблигини яхши билардим. Олимпиадага йўлланма қўлга киритиш учун нафақат маҳорат, балки мустаҳкам ирода, руҳий барқарорлик ва ўз кучига бўлган ишонч ҳам зарур эди.

2024 йилда Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида Олимпиада ўйинларига йўлланма берувчи мусобақа бўлиб ўтди. Ана шу беллашувларда Ўзбекистон тарихида аёллар кураши бўйича илк Олимпия йўлланмасини қўлга киритишга муваффақ бўлдим. Шу тариқа Парижда бўлиб ўтган Олимпия ўйинлари иштирокчисига айландим. Ҳар бир спортчи учун Олимпия майдонига чиқиш улкан шараф ҳисобланади. Мен ҳам ушбу имкониятни ватаним номидан халқаро спорт тарихининг энг нуфузли саҳнасида қатнашиш бахти сифатида қабул қилдим. Олдинда эса янги мақсадлар, синовлар бисёр. Шу сабабли бугунги ютуқлар билан чегараланиб қолмай, ўз устимда ишлашни давом эттириб, юртимиз шон-шуҳратини дунёга танитиш йўлида бор куч ва имкониятларимни сафарбар этишга интиламан.

Мен учун спорт ўзим туғилиб ўсган юртга бўлган ҳурматни амалда намоён этиш имкониятидир. Қорақалпоғистоннинг олис ҳудудларида спортга қизиқиб, катта орзулар билан яшаётган қизлар борлигини биламан. Балки улардан кимдир бугун биринчи машғулотига қатнаётгандир, кимдир илк мусобақасига тайёргарлик кўраётгандир. Йиллар ўтиб, улар орасидан янги чемпионлар етишиб чиқишига ишончим комил. Зеро, бунинг учун бугун ҳар қачонгидан ҳам кўра кўпроқ имкониятлар муҳайё. Мен эса уларга илҳом ва ишонч бериб, ҳақиқий намуна бўлишим керак ва шу йўлда тинимсиз ҳаракатдаман.

Айтганимдек, ҳали мақсадларим бисёр. Мақсад билан яшайдиган инсон эса янги уфқлар томон ҳаракат қилишда давом этаверади. Мен ҳам ана шу ҳаракатдан куч олиб, Ўзбекистон байроғини дунё ареналарида ҳамиша сарбаланд этиш, она халқимизнинг биз, ёшларга ишончини оқлаш йўлида интилишдан тўхтамайман. Чунки юрт номи янграган онларда спортчининг шахсий қувончи ортингизда турган буюк бир халқнинг фахр туйғуси билан қоришиб кетади. Ана шундай лаҳзалар эса ҳар қандай мукофотдан қадрлироқдир.

Ақтенге КЕУНИМЖАЕВА,

эркин кураш бўйича халқаро спорт устаси,

эркин кураш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси