Хорижий инвесторлар билан кенг кўламли шериклик янада мустаҳкамланади

234

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 18 июнь куни Хорижий инвесторлар кенгашининг навбатдаги йиғилиши доирасида Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо бошчилигидаги делегация, Ўмон Султонлиги иқтисодиёт вазири Хамис бин Сайф ал-Жабрий бошчилигидаги делегация ва Янги тараққиёт банки президенти Дилма Русефни қабул қилди.

ЕТТБ  президенти Одиль Рено-Бассо бошчилигидаги делегация билан учрашувда Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан Янги Ўзбекистонда ислоҳотлар дастурини амалга ошириш доирасида амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш ва кенг кўламли шерикликни мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.

Ушбу етакчи кўп томонлама молиявий институт билан стратегик шериклик бугунги кунда ҳар қачонгидан ҳам юқори даражада экани катта мамнуният билан қайд этилди.

Бугун Ўзбекистон ЕТТБнинг минтақадаги энг йирик ҳамкори ҳисобланади. Устувор йўналишлардаги лойиҳаларнинг умумий портфели 7 миллиард доллардан ошди. Инвестицияларнинг катта қисми хусусий секторни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган.

Экологик транспортни ривожлантириш, темир йўл инфратузилмасини рақамлаштириш, тадбиркорлик, ипотека бозори ва мамлакат стартаплар экотизимини қўллаб-қувватлаш соҳаларида янги келишувлар имзолангани мамнуният билан қайд этилди.

Жорий йилда кичик ва ўрта бизнесни кредитлаш кўламини кенгайтириш, жумладан, экспортни молиялаштириш, аёллар ва ёшларни бизнес юритишга ўқитиш дастурларини амалга ошириш, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш ҳамда банк-молия секторини трансформация қилиш жараёнларида иштирок этиш ва бошқа йўналишлар устувор этиб белгиланди.

Таълим, соғлиқни сақлаш ва транспорт инфратузилмаси соҳаларида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини илгари суриш бўйича режалар қўллаб-қувватланди.

Лойиҳаларни тайёрлаш механизмларини такомиллаштириш ҳамда уларни амалга ошириш самарадорлигини яхшилаш мақсадида Европа тикланиш ва тараққиёт банки экспертларини жалб этишдан манфаатдорлик билдирилди.

Хорижий инвесторлар кенгашининг бўлажак тўртинчи йиғилиши кун тартиби ҳам кўриб чиқилди.

Ўмон Султонлиги иқтисодиёт вазири Хамис бин Сайф ал-Жабрий бошчилигидаги делегация билан учрашув аввалида юқори мартабали меҳмон давлатимиз раҳбарига Ўмон Султони Ҳайсам бин Ториқ Ол Саиднинг самимий саломини етказди.

Томонлар савдо-иқтисодий ва инвестиция-молиявий соҳалардаги ҳамкорликни жадаллаштириш масалалари юзасидан фикр алмашишди.

Сўнгги йилларда алоқаларимиз фаоллашгани, товар айирбошлаш ҳажми ўсгани қайд этилди. Ўзбек – Ўмон инвестиция компанияси иштирокида муҳим лойиҳалар самарали амалга оширилмоқда. Кейинги ойдан пойтахтларимиз ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилади.

Шу йил Масқат шаҳрида Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги йиғилишини ўтказишга келишиб олинди.

Мулоқотда транспорт, логистика, геология, электрон тижорат, рақамли инфратузилма ва бошқа йўналишларда истиқболли лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.

Янги тараққиёт банки президенти Дилма Русеф билан мулоқотда мазкур халқаро молия институти билан ҳамкорликни, биринчи навбатда, аввалги учрашувлар давомида эришилган олий даражадаги келишувларни амалга ошириш доирасида янада ривожлантириш масалалари диққат марказида бўлди.

Дилма Русеф Ўзбекистондаги ислоҳотларни юксак баҳолаб, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг устувор йўналишларини келгусида ҳам қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирди.

Ўзбекистон Янги тараққиёт банкига аъзо давлатлар сафига қўшилгани мамнуният билан қайд этилди. Энергетика, сув хўжалиги, транспорт ва муҳандислик инфратузилмаси бўйича ҳамда хусусий сектор ва ижтимоий соҳани қўллаб-қувватлаш борасида банк экспертлари иштирокида ўрта муддатли қўшма лойиҳалар портфелини шакллантиришга келишиб олинди. Янги тараққиёт банкининг минтақавий аҳамиятга эга йирик транспорт-логистика лойиҳаларини амалга оширишда иштирок этиши муҳимлиги таъкидланди.

Банкнинг юртимизда экологик трансформация бўйича амалга оширилаётган дастурлар ва лойиҳалардаги иштирокига алоҳида эътибор қаратилди.

Келгусида Ўзбекистонда Янги тараққиёт банкининг йирик тадбирларини ўтказиш режалари ҳам кўриб чиқилди.

ЎзА