Иқтисодий инвестициявий ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди

71

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Қозоғистон Республикаси Бош вазири Олжас Бектенов,  Бирлашган Араб Амирликлари энергетика ва инфратузилма вазири Суҳайл ал-Мазруий бошчилигидаги делегация, Хитой Халқ Республикаси Миллий энергетика бошқармаси раҳбари Ван Хунчжи бошчилигидаги ушбу мамлакатнинг етакчи компаниялари ва молия институтлари делегацияси, Буюк Британиянинг инвестициялар бўйича давлат вазири, лорд Джейсон Стоквуд бошчилигидаги делегация ва Ўзбекистон – Саудия Ишбилармонлар кенгаши ҳамраиси, “ACWA” компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайянни қабул қилди.

Қозоғистон Республикаси Бош вазири Олжас Бектенов суҳбат аввалида давлатимиз раҳбарига Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаевнинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказди.

Ўзбекистон – Қозоғистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада чуқурлаштиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Барча даражалардаги фаол мулоқот мамнуният билан қайд этилди. Товар айирбошлаш ҳажмлари ўсиб, яқинда қабул қилинган янги “йўл харитаси” асосида иқтисодиётнинг устувор тармоқларида кооперация лойиҳаларини амалга ошириш давом этмоқда.

Июль ойида бўлиб ўтадиган Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ҳамда Ақтау шаҳрида ўтказиладиган ҳудудлар раҳбарларининг биринчи Кенгашига пухта тайёргарлик кўриш муҳимлиги таъкидланди.

Бирлашган Араб Амирликлари энергетика ва инфратузилма вазири Суҳайл ал-Мазруий бошчилигидаги делегация билан учрашувда  Ўзбекистон – БАА стратегик шериклик муносабатлари жадал ривожланиб бораётгани алоҳида қайд этилди.

Суҳбат аввалида вазир давлатимиз раҳбарига БАА Президенти Шайх Муҳаммад Ол Наҳаён, Бош вазири, Дубай амири Шайх Муҳаммад Ол Мактум, Вице-президенти Шайх Мансур Ол Наҳаён ва Абу-Даби Амирлиги валиаҳди Шайх Ҳолид Ол Наҳаённинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Қайд этилганидек, товар айирбошлаш ва инвестициялар ҳажми, қўшма корхоналар сони ортиб бормоқда. Бешинчи Тошкент инвестиция форуми доирасида БАА компаниялари билан қатор янги келишувлар имзоланиши кутилмоқда.

“Яшил” энергетика, ёқилғи ишлаб чиқариш, транспорт, логистика, сунъий интеллект, рақамлаштириш ва бошқа йўналишлардаги йирик лойиҳаларни жадаллаштиришга келишиб олинди.

Хитой Халқ Республикаси Миллий энергетика бошқармаси раҳбари Ван Хунчжи бошчилигидаги делегация билан учрашувда “China Energy Engineering Corporation”, “China Datang”, “Sinoma Energy Conservation”, “China Southern Power Grid”, “CAMCE”, “CNNC”, “State Nuclear Uranium Resource Development” компаниялари раҳбарлари ҳамда “The Export-Import Bank of China” ва “Bank of China” вакиллари иштирок этди.

Энергетика ва геология соҳаларида ўзаро манфаатли юқори технологик лойиҳаларни илгари суриш, банк-молия борасида амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон – Хитой ҳамкорлиги савдо-иқтисодиёт ва инвестиция йўналишларида жадал суръат билан ривожланиб бораётганини чуқур мамнуният билан қайд этди.

Йилнинг ўтган даврида товар айирбошлаш ҳажми 6 миллиард доллардан ошди, Хитойдан 8 миллиард доллардан зиёд тўғридан-тўғри инвестициялар ўзлаштирилди. Мамлакатимизда қарийб 6 мингта қўшма корхона муваффақиятли фаолият юритмоқда.

“Яшил” энергетика соҳасидаги лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди. Хитойнинг етакчи компаниялари иштирокида Ўзбекистонда қуёш ва шамол электр станциялари ҳамда энергияни сақлаш тизимлари қурилмоқда.

Ушбу лойиҳаларни тезлаштириш ҳамда фотоэлектр станциялар қувватини кенгайтириш, агровольтаикани жорий этиш ва электр узатиш линияларини қуриш каби янги ташаббусларни бошлаш режалари қўллаб-қувватланди.

Чиқиндиларни қайта ишлаш ҳисобига энергия ишлаб чиқариш, дата-марказлар ва бошқа замонавий технологик ечимларни ривожлантириш соҳасидаги алоқаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Тоғ-кон ва геология соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболлари бўйича фикр алмашилди. Бу борада конларда биргаликда геология-қидирув ишларини олиб бориш ва уларни ўзлаштириш, муҳим хомашёни етказиб бериш соҳасида узоқ муддатли шерикликни йўлга қўйиш назарда тутилмоқда.

Музокараларда Хитойнинг йирик банклари билан молиявий ҳамкорликни кенгайтиришга устувор аҳамият қаратилди. Инфратузилмавий лойиҳаларни молиялаштириш, ирригация тизимларини модернизация қилиш, юқори тезликда ҳаракатланишга мўлжалланган автомобиль йўллари ва гидроэлектростанцияларини барпо этиш, қишлоқ хўжалиги техникасини етказиб бериш ҳамда кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув иштирокчилари давлатимиз раҳбарига проактив мулоқот учун миннатдорлик билдириб, эришилган келишувларни сўзсиз амалга оширишга қатъий интилишини тасдиқладилар.

Буюк Британиянинг инвестициялар бўйича давлат вазири, лорд Джейсон Стоквуд бошчилигидаги делегация билан учрашувда Буюк Британиянинг “UK Export Finance”, “Standard Chartered UK”, “Sturgeon Capital”, “Endeavour Mining” ва “British Petroleum” каби етакчи компаниялари, банклари ва молия институтлари раҳбарлари иштирок этди.

Савдо-иқтисодий, инвестициявий ва молиявий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Икки томонлама ҳамкорликнинг ижобий суръати қайд этилди. Товар айирбошлаш ҳажми ва Британия сармояси иштирокидаги корхоналар сони жадал ўсиб бормоқда.

Тошкент халқаро молия маркази, Халқаро тижорат суди ва капитал бозорини ривожлантириш ҳамда фармацевтика, сунъий интеллект ва энергетика соҳаларида технологик шерикликни кенгайтириш бўйича таклифлар қўллаб-қувватланди.

Молия, инфратузилма, давлат-хусусий шериклик, “яшил” энергетика, транспорт, геология ва нефть-газ соҳаларида, шу жумладан, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ва чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича қўшма лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон – Саудия Ишбилармонлар кенгаши ҳамраиси, “ACWA” компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян билан учрашувда ушбу мамлакат ишбилармонлари доирасида ҳамкорликни янада кенгайтириш ва устувор лойиҳаларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Саудиянинг “ACWA” ва бошқа компаниялари билан сермаҳсул шериклик йўлга қўйилгани мамнуният билан қайд этилди. Бу борада Тошкент инвестиция форуми доирасида яна бир қатор келишувларга эришилган.

Учрашувда “яшил” энергетика, соғлиқни сақлаш, транспорт, инфратузилма, туризм ва бошқа йўналишлардаги лойиҳаларни жадаллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.

ЎзА