Ҳарбий хизматчиларнинг музейларга маънавий-маърифий саёҳати ташкил этилди
Юртимизда экспозицияси ғоят бой ва бетакрор музейларимиз кўп. Айниқса, Давлатимиз раҳбари ташаббуси асосида ташкил этилган Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази хорижлик сайёҳлар, олимлар ва экспертлар эътиборини тортмоқда.
Миллий гвардия Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси ҳарбий хизматчилари мазмунли дам олиш мақсадида «Ислом цивилизацияси маркази»га ташриф буюриб, юртимизнинг шонли ва бетакрор тарихи, аждодларимизнинг маънавий мероси билан яқиндан танишди.
Тадбир давомида иштирокчилар музейда сақланаётган ноёб экспонатлар, тарихий ёдгорликлар, қадимий қўлёзмалар, археологик топилмаларни кўздан кечирди. Мутахассислар томонидан экспонатларнинг тарихий ва маънавий аҳамияти ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Саёҳат давомида ҳарбий хизматчиларда миллий қадриятларга ҳурмат, аждодлар меросига садоқат ва ватанпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Экскурсиялар Темурийлар тарихи давлат музейида ҳам ташкил этилди. Лойиҳа доирасида улар музейда миллий тарихимиз, буюк аждодларимиз мероси, мустақиллик йилларида эришилган ютуқлар билан яқиндан танишди.

Бундай тадбирлар ҳарбий хизматчиларнинг тарихий билимини кенгайтиришга, маънавий дунёқарашини бойитишга ва ватанпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги