Қирғизистон илк бор БМТ Хавфсизлик кенгаши аъзолигига сайланди

БМТ Бош Ассамблеясида бўлиб ўтган овоз бериш натижаларига кўра, Қирғизистон ўз тарихида биринчи марта ташкилотнинг Хавфсизлик кенгаши таркибига кирди.
Марказий Осиё минтақаси вакили 2027–2028 йиллар давомида кенгашнинг доимий бўлмаган аъзоси сифатида фаолият юритади. Таъкидлаш жоизки, ушбу минтақа мамлакатлари қарийб ўн йилдан буён Хавфсизлик кенгашида вакилликка эга эмас эди. Осиё-Тинч океани минтақаси давлатларига ажратилган ягона ўрин учун кечган баҳснинг тўртинчи турида Қирғизистон 142 та овоз тўплаб, ўз рақиби бўлган Филиппинни ортда қолдирди.
Кенгашга сайланиш учун даъвогар мамлакатлар БМТга аъзо давлатларнинг камида учдан икки қисми, яъни 127 та овозни қўлга киритиши шарт эди. Шунингдек, бўлиб ўтган сайловларда Ғарбий Европа гуруҳидан Австрия ва Португалия, Лотин Америкаси ҳамда Кариб ҳавзаси давлатларидан Тринидад ва Тобаго, Африка қитъасидан эса Зимбабве ҳам Хавфсизлик кенгаши таркибига сайланди.
Маълумот учун, БМТ Хавфсизлик кенгаши жами 15 та давлатдан иборат. Улардан 5 таси Буюк Британия, Хитой, Россия, АҚШ ва Франция вето ҳуқуқига эга бўлган доимий аъзолар ҳисобланади. Қолган 10 та аъзо эса икки йил муддатга сайланиб боради. Жорий 2026 йил якунида амалдаги бешта доимий бўлмаган аъзо Греция, Дания, Покистон, Панама ва Сомалининг ваколат муддати тугайди ва уларнинг ўрнини янги сайланган давлатлар эгаллайди.
Хавфсизлик кенгаши дунёда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш учун бевосита масъул тузилма бўлиб, зарурат туғилганда халқаро хавфсизликни тиклаш мақсадида турли санкциялар жорий этиш ёки куч ишлатишга рухсат бериш ваколатига эга ҳисобланади.
Ф.Яхшибоева, ЎзА