Янги бино байрамга муносиб совға бўлди

53

Замонавий шароитлар ва қулай хизмат муҳити ҳар бир ходимнинг иш самарадорлигини оширишга катта ҳисса қўшади. Нукус шаҳрининг марказида қурилган Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг янги биноси ҳам соҳа вакилларини янги мақсад ва янги марралар сари чорлашга шай ҳолга келтирилди.

Бинонинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Азиз Тошпўлатов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев, барча ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари, фахрийлар ва шахсий таркиб иштирок этди.

Давлатимиз раҳбари томонидан ички ишлар органлари тизимини янада ривожлантириш мақсадида яратилаётган шароитларнинг узвий давоми сифатида барпо этилган ушбу бино мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида соҳа ходимлари учун ҳақиқий совға бўлгани таъкидланди.

Шундан сўнг фахрийлар томонидан рамзий ленталар кесилиб, тадбир иштирокчилари яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.

Умумий олти қаватдан иборат, замонавий ечимлар билан барпо этилган бинонинг биринчи қаватида навбатчилик қисми жойлашган бўлиб, унда маълумот алмашиш ва куч-воситаларни бошқаришда рақамлаштирилган тизим қўлланилмоқда.

Ходимларнинг хизмат хоналарида ҳам барча қулайликлар яратилиб, зарур техник воситалар билан тўлиқ таъминланган.

Тадбир давомида Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ходимлари учун янги хизмат автомобиллари ва бронь қилинган техникалар топширилди.

Соҳада олиб борилаётган бундай бунёдкорлик ишлари, замонавий имкониятлар, қулай шароитлар, ҳеч шубҳасиз, юртимизда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш йўлида хизмат қилаётган ходимлар фаолиятида куч ва ғайрат бағишлайди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги