Нукусда Кураш бўйича Осиё кубоги ўтказилди

132

Нукус шаҳридаги Марказий Амфитеатрда спортнинг Кураш туридан катталар ўртасида Осиё кубоги бўлиб ўтди.

Мусобақанинг очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Ф.Эрманов, Жўқорғи Кенгес қўмита раиси М.Атамуратов, Ўзбекистон Республикаси Спорт вазири ўринбосари Ш.Махмудовлар иштирок этди.

Тадбирда таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга, ёшларни спортга кенг жалб этишга, Олимпия спорт турлари билан бир қаторда миллий спорт турларини ҳам ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Албатта, бундай мусобақаларнинг ўтказилиши мамлакатимизда кураш спорт турини янада оммалаштириш ва уни халқаро миқёсда янада кенг тарғиб этишда муҳим ўрин тутади.

Эркаклар ва аёллар ўртасида ўтказилган Осиё кубоги мусобақасига Ўзбекистон, Сингапур, Саудия Арабистони, Туркманистон, Ҳиндистон, Қирғизистон, Хитой Тайпейи ва Тожикистон мамлакатларидан 100 га яқин спортчилар 9 вазн тоифасида ғолиблик учун ўзаро беллашди.

Кескин ўтган яккакурашларда 66 кг вазн тоифасида мамлакатимиз терма жамоаси аъзоси Баҳрамбек Атаев барча рақибларини енгиб чиқиб, Осиё кубоги ғолибига айланди.

Иккинчи ўрин тожикистонлик Абдулфайз Мустафои, учинчи ўрин Хитой тайпейи полвони Чан Хао-Ченг ва республикамиз вакили Дамир Атаниязовларга насиб этди.

73 кг да эса, тожикистонлик Муҳаммадисо Ражабов олтин, республикамиз спортчилари Ўткирбек Уразғалиев кумуш, Акбар Уралов ва Хитой Тайпейи полвони Пан Ссу-Ченглер бронза медалга лойиқ деб топилди.

81 кгда Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Аҳрор Зиёдуллаев биринчи, республикамиз вакили Санжар Шеримбетов иккинчи, Саудия Арабистонидан Абдулазиз Алгалиде ва Тожикистондан Сайрахман Қодировлар учинчи ўринларни қўлга киритди.

-90 кг да эса, мамлакатимиз спортчиси Самандар Садинов олтин, туркманистонлик Агамурат Башимов кумуш, яна бир шу республика вакили Илҳом Камолов ва Хитой Тайпейи полвони Ву Чин-Ченглер бронза медалини қўлга киритди.

Эркаклар ўртасида энг оғир вазнда Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Шохруҳхон Бахтиёров биринчи, сингапурлик Аарон Нг иккинчи, республикамиз вакили Захиритдин Зайтов ва ҳиндистонлик Чауҳан Яш Кумарлар учинчи ўринга муносиб деб топилди.

Шунингдек, аёллар ўртасида ўтказилган беллашувларда жуда кескин бўлиб ўтиб, унда 57 кг вазнда Хитой Тайпейи вакили Ли Ван-Тинг олтин, мамлакатимиз спортчиси Ибодатхон Агажанова кумуш, туркманистонлик Розименили Мейманова ва республикамиз полвони Гулзабира Тилеуимбетовалар бронза медалга эга чиқди. 70 кг вазнда эса, республикамиз полвони Азада Медетбаева барча рақибларини енгиб чиқиб, Осиё кубоги соҳибига айланди.  78 кгда Шохиста Назарова чемпионликни қўлга киритган бўлса, ҳиндистонлик Балҳара Пинцкй кумуш, республикамиз вакиласи Айгул Адилбаева ва Хитой Тайпейи спортчиси Чоа Йи-Ченлар бронза медалларини қўлга киритишга эришди.

Энг оғир вазнда бўлса, республикамиз вакили Санеайим Еркинбаева финалга қадар етиб келиб, чемпионлик учун беллашувда Дурдона Абдужабборовага ютқазиб қолди.

Бронза медаллари Хитой Тайпейинидан келган полвонлар Янг Я-Чун ва Шин Лию-Нингларга насиб этди.

Шунингдек, ўтказилган мусобақада жамоавий беллашувларда ҳам бўлиб ўтиб, унда Ўзбекистон Республикаси терма жамоаси биринчи, Тожикистон Республикаси терма жамоаси иккинчи, Туркманистон Республикаси ва Ҳиндистон терма жамоалари учинчи ўринларни қўлга киритишга муваффақ бўлди.

Шуни таъкидлаш керакки, жамоавий баҳсда Ўзбекистон терма жамоаси таркибида, қорақалпоғистонлик Захриддин Зайтов, Азада Медетбаева ва Лариса Торежановалар иштирок этиб, чемпионликка ўзларининг салмоқли ҳиссасини қўшди.

Республикамизнинг ғолиб спортчиларини мусобақага Ш.Бийимбетов, О.Халиков, Б.Биманов, Б.Жусупбеков, Н.Данияров, С.Қидирбаевалар тайёрлади.

Ўтказилган мусобақа якунида, ғолиблар ташкилотчилар томонидан тайёрланган медаль ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги