Қорақалпоғистон делегациясининг Хитой давлатига самарали ташрифи

90

Хитой Халқ Республикасида амалий ташриф билан борган Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгес Раиси Аманбай Оринбаев бошчилигидаги Қорақалпоғистон делегацияси Сиан Рақамли технологиялар ассоциациясининг раҳбари АИ Ю ва рақамли технологиялар соҳасида фаолият олиб бораётган компаниялар раҳбарлари билан учрашди.

Унда замонавий рақамли технологиялар, дата-марказлар ва рақамли инфратузилма соҳасида ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди.

Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги, биотехнология ва аграр инновациялар соҳасида фаолият юритувчи компаниялар раҳбарлари билан учрашувлар ташкил этилиб, тупроқ намлигини сақловчи биоматериаллар, чўлланишга қарши курашиш технологиялари, доривор ўсимликлардан экстракт олиш, сутчилик йўналишидаги қорамолчилик, космик технологиялар асосида аграр селекция соҳаларида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Шу куннинг ўзида маиший техника, қурилиш ойналари ва ва шиша маҳсулотларини ишлаб чиқариш соҳасида иш олиб борувчи «Shaanxi Tianrun Technology Co., Ltd.» бош директори Жанг Эрян ва «Taiwan Glass Group» компанияси раҳбарлари билан учрашувлар ўтказилиб, Қорақалпоғистонда маиший техника, шиша ва қурилиш материалларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш масалалари бўйича музокара бўлиб ўтди.

Музокаралар давомида Жўқорғи Кенгес Раиси ҳудудда ушбу соҳалар учун зарур хомашё базаси ва қулай инвестиция муҳити мавжудлигини таъкидлаб, Хитой компанияларини Нукус шаҳрида ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этишга чақирди.

Учрашувлар якунлари бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан қатор келишувларга эришилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги