Биогаз автомобиль ёқилғиси ишлаб чиқариш лойиҳаси муҳокама қилинди

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Фарҳод Эрмановнинг Жанубий Кореянинг «ECO BIO» LLC компанияси вакиллари билан Қорақалпоғистон Республикасида биогаз автомобиль ёқилғисини ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш масалаларига бағишланган учрашуви бўлиб ўтди.
Музокаралар давомида умумий қиймати 32,5 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи ушбу лойиҳани ҳудудда амалга оширишнинг ташкилий ва техник жиҳатлари атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланиш, экологик тоза ёқилғи ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва замонавий инновацион технологияларни жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, лойиҳа доирасида Қорақалпоғистон Республикасининг мавжуд салоҳияти, хомашё базаси ва инвестициявий имкониятлари юзасидан фикр алмашилиб, биогаз ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш ва автомобиль ёқилғиси ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш истиқболлари кўриб чиқилди.



Томонлар ушбу лойиҳа ҳудуд иқтисодиётини ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, экологик барқарорликни таъминлаш ва «яшил иқтисодиёт» тамойилларини кенг жорий этишда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидладилар.
Учрашув якунида лойиҳа бўйича музокараларни давом эттириш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш юзасидан келишувга эришилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги