Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлиси тўғрисида АХБОРОТ

19 май куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирди.
Унда Сенат, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идораларнинг вакиллари, маҳаллий Кенгашларнинг депутатлари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.
Ялпи мажлис Сенатнинг YouTube тармоғидаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилди.
Ялпи мажлиснинг иккинчи иш куни “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига креатив иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокамасидан бошланди.
Таъкидланганидек, мамлакатимиз иқтисодиётини инновацион жиҳатдан ривожлантиришни рағбатлантиришга, мазкур соҳадаги ижодий салоҳиятни иқтисодий қийматга айлантиришга ҳамда янги иш ўринларини яратишга, ёшлар ва тадбиркорларнинг ижодий ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, креатив иқтисодиётнинг изчил ривожлантирилишини таъминлаш ушбу соҳадаги субъектлар учун янада қулай шарт-шароитлар, рағбатлантирувчи механизмлар яратишни ва имтиёзлар беришни тақозо этмоқда.
Қонун билан айрим қонун ҳужжатларига Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамда Креатив индустрия парки резидентлари томонидан амалга ошириладиган лойиҳаларга жалб қилинган мутахассислар учун айрим солиқ имтиёзлари берилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Жумладан, 2026 йилдан 2030 йилга қадар бўлган даврда чет эл контрагентлари қўшилган қиймат солиғи, тўлов манбаида фойда солиғи ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлашдан озод қилинади. Бунда ушбу имтиёз чет эл контрагентлари креатив индустрия соҳасига бевосита боғлиқ бўлган ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш учун жалб этилганда қўлланилиши белгиланмоқда.
Сенат аъзолари ўз чиқишларида ушбу имтиёзлар фақат креатив соҳадаги иш ва хизматларга қўлланилиши соҳага хорижий мутахассисларни жалб қилиш, лойиҳалар сифати ва ҳажмини ошириш ҳамда миллий креатив маҳсулотларни халқаро бозорга чиқариш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилишини таъкидладилар.
Шунингдек, амалиётда креатив индустрия парки резиденти мақомини олиш учун субъектнинг бизнес режаси маъқулланиши ва жами йиллик даромадининг камида 80 фоизи креатив соҳадаги фаолиятдан шаклланиши шарт этиб белгиланган. Қонун билан эса янги ташкил этилган субъектлар учун бу талаб дастлабки босқичда қўлланилмаслиги, аммо молия йили якунларига кўра талаблар бажарилмаса, солиқ имтиёзлари қайта ҳисобланиши ва бюджетга ундирилиши белгиланмоқда.
Сенаторлар қайд этганидек, мазкур қонун креатив индустрияни қўллаб-қувватлаш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, халқаро ва давлатлараро маданий тадбирларни самарали ташкил этиш ҳамда соҳада барқарорлик ва адолатли рақобатни таъминлашга хизмат қилади.
Сенаторлар қонунни маъқуллади.
Шундан кейин “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, соҳага замонавий агротехнологияларни жорий этиш ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Қонун билан “Уруғчилик тўғрисида”ги ва “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонунларга Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг номи аниқлаштирилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Шунингдек, “Давлат божи тўғрисида”ги қонунга Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноатни ривожлантириш агентлиги ўзининг ҳамда мева-сабзавотчилик йўналишидаги маҳсулот етиштирувчи, қайта ишловчи субъектлар, иссиқхона хўжаликларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий судларга берилган ариза, даъво ва шикоятлари юзасидан давлат божини тўлашдан озод этилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар белгиланмоқда.
Сенаторлар томонидан қайд этилганидек, қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, мева-сабзавотчилик соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, аграр соҳадаги республика ижро этувчи ҳокимият органларининг яхлит тизимини шакллантиришга хизмат қилади.
Муҳокама якунида сенаторлар қонунни маъқуллади.
Сенатнинг ўн бешинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Янги тараққиёт банки тўғрисидаги Битимга (Форталеза, 2014 йил 15 июль) қўшилиши ҳақида”ги қонун муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, Битимнинг асосий мақсади – инвестиция фаолияти орқали иштирокчи давлатларнинг ўзаро савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларини кенгайтиришга кўмаклашишдир.
Янги тараққиёт банкига аъзо бўлиш мамлакатимиз учун хорижий инвестицияларни жалб қилиш, инфратузилма ва барқарор ривожланиш соҳаларидаги йирик лойиҳаларни молиялаштириш имкониятларини кенгайтиради.
Банк давлат ва хусусий сектор лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида кредитлар ажратиш, кафолатлар бериш ва инвестиция киритиш каби замонавий молиявий инструментлардан фойдаланади.
Сенаторларнинг фикрича, қонуннинг қабул қилиниши Ўзбекистон Республикасининг халқаро молиявий институтлар билан ҳамкорлигини кенгайтириш, инвестицияларни жалб этиш ва иқтисодиёт тармоқларини модернизация қилишга, шунингдек, мамлакатнинг барқарор иқтисодий ўсишини таъминлаш ҳамда инфратузилмани ривожлантиришга хизмат қилади.
Сенаторлар қонунни маъқуллади.
Шунингдек, Сенатнинг ялпи мажлисида “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.
Мазкур қонун билан ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчилар тўғрисидаги ахборотни реал вақт режимида идоралараро интеграциялашув платформаси орқали алмашиш, ҳарбий рўйхатга олиш тизимини такомиллаштириш ҳамда сержантлар таркиби учун янги ҳарбий унвонларни жорий этиш назарда тутилган.
Қонуннинг бу каби кўплаб ижобий жиҳатларига қарамасдан, сенаторлар, мутасадди вазирлик ва идоралар вакиллари ҳамда экспертлар томонидан қонуннинг айрим нормалари амалдаги қонунчилик ҳужжатлари талаблари ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига тўлиқ мувофиқ эмаслиги қайд этилди.
Хусусан, давлат органларининг ваколатлари, ҳарбий рўйхатни юритиш тартиби, идоралараро ахборот алмашинуви ҳамда фуқаролар ҳуқуқларига дахлдор айрим нормаларни қайта ишлаш зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, қонун қабул қилиниши муносабати билан бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга киритилиши лозим бўлган ўзгартиш ва қўшимчалар етарлича таҳлил қилинмагани қайд этилди.
Сенаторлар бу каби ҳолатлар норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар барқарорлигига салбий таъсир кўрсатиши, ҳуқуқни қўллаш амалиётида қийинчиликлар туғдириши мумкинлигига эътибор қаратди.
Сенаторлар қонунни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Сенатнинг ялпи мажлисида қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Ш.Ҳидоятовга қурилиш соҳасида коррупциянинг олдини олиш қонунчилигига риоя қилиш юзасидан парламент сўрови юбориш масаласи ҳам муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, Янги Ўзбекистонда қурилиш соҳаси иқтисодиётнинг “драйвери” сифатида белгиланиб, соҳани рақамлаштириш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, соҳада инсон қадрини улуғлашга ва қонун устуворлигини таъминлашга, коррупция ва манфаатлар тўқнашувини бартараф этишга тўсқинлик қилаётган айрим тизимли муаммолар ҳам сақланиб қолаётганлиги кузатилмоқда.
Хусусан, соҳада молиявий интизомни мустаҳкамлаш ҳамда мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш ҳолатларига чек қўйиш мақсадида ички назорат механизмларини тубдан қайта кўриб чиқиш ва кучайтириш зарурати мавжуд.
Таҳлиллар қурилиш объектларида хавфсизлик техникаси талабларига қатъий риоя этиш ва инсон ҳаётини муҳофаза қилиш энг устувор вазифа эканини кўрсатмоқда. Шу сабабли бу борада назорат тизимини такомиллаштириш бўйича вазирлик зиммасига қатъий вазифалар қўйилиши таъкидланди.
Соҳада аҳолидан келиб тушаётган шикоятларни кўриб чиқиш самарасизлиги борасида кескин эътирозлар билдирилиб, фуқароларнинг ҳуқуқларини таъминлашда бюрократик тўсиқларни бартараф этиш зарурлиги қайд этилди.
Маънан эскирган айрим шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини халқаро стандартлар асосида тезкорлик билан хатловдан ўтказиш ва янгилаш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, парламент сўровида вазирликдан коррупцияга чек қўйиш, давлат харидларида шаффофликни таъминлаш, қурилиш сифатини назорат қилиш ва ишчилар учун хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш талаби қўйилди.
Муҳокама якунлари юзасидан Сенатнинг тегишли парламент сўровини юбориш тўғрисидаги қарори қабул қилинди.
Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида Вазирлар Маҳкамасига мамлакатимизда табиий, техноген ва экологик хусусиятли фавқулодда вазиятлар мониторинги ҳолати юзасидан парламент сўрови юбориш масаласи кўриб чиқилди.
Мажлисда таъкидланганидек, сўнгги йилларда аҳоли ва ҳудудларни табиий офатлар ҳамда техноген авариялардан муҳофаза қилиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, соҳани ривожлантиришга қаратилган қатор фармон ва қарорлар қабул қилиниб, фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тизими янги босқичга олиб чиқилмоқда.
Шу билан бирга, амалга оширилган таҳлиллар соҳада қатор тизимли муаммолар сақланиб қолаётганини кўрсатди. Жумладан, фавқулодда вазиятлар мониторинги, ахборот алмашинуви ва прогнозлаш тизимини тўлиқ йўлга қўйиш, идоралараро интеграцияни таъминлаш, илмий-тадқиқот фаолиятини ривожлантириш ҳамда малакали кадрлар билан таъминлаш масалалари долзарблигича қолмоқда.
Қайд этилганидек, 2025 йил давомида мамлакатимизда 82 та фавқулодда вазият юз бериб, улар оқибатида инсонлар ҳалок бўлган ва жароҳатланган. Шунингдек, ёнғинлар ва газ-ҳаво аралашмалари чақнаши билан боғлиқ ҳолатлар сони ҳам ошгани ташвиш уйғотмоқда.
Сенаторлар ўз чиқишларида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, уларни барвақт аниқлаш ва оқибатларини камайтириш бўйича ишлар самарадорлигини ошириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратди.
Муҳокама якунида Сенатнинг Вазирлар Маҳкамасига мамлакатимизда табиий, техноген ва экологик хусусиятли фавқулодда вазиятлар мониторинги ҳолати юзасидан парламент сўрови юбориш тўғрисидаги қарори қабул қилинди.
Парламент юқори палатасининг 15-ялпи мажлисида Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакилининг (Болалар омбудсманининг) 2025 йилда бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликка давлат органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан риоя этилиши ҳолати ҳақидаги маърузаси муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, 2025 йилда Болалар омбудсмани номига Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслар томонидан 1 934 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 509 таси ижобий ҳал қилинган ҳамда 708 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилган.
Мурожаатлар энг кўпи Тошкент шаҳри (470 та), Сурхондарё (254 та) ва Тошкент вилоятлари (236 та) ҳиссасига тўғри келади.
Шунингдек, 2025 йилда Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг 35 та шахсий қабулида 141 нафар фуқаро мурожаати кўриб чиқилган.
Мурожаатлар таҳлили ва мониторинг фаолияти асосида давлат органлари томонидан бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилишига йўл қўйилганлиги юзасидан 3 та огоҳлантириш, 6 та тақдимнома, 25 та хулоса ва 3 та суд ҳужжати устидан протест келтириш тўғрисида илтимоснома киритилган.
Мурожаатларни ўрганиш натижасида аниқланган болаларга нисбатан содир этилган зўравонлик ҳолатлари юзасидан 19 та жиноят иши ҳамда 26 та маъмурий иш қўзғатилган. Бундан ташқари, 20 та жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш ҳақида қарор бекор қилиниб, қўшимча терговга қадар текширув олиб бориш учун юборилган.
Интернет тармоғида ўтказилган мониторинг натижасида аниқланган бола ҳуқуқларининг бузилишига оид ҳолатлар юзасидан 23 та жиноят иши ҳамда 28 та маъмурий иш қўзғатилиши таъминланган.
Таълим муассасаларида болага жисмоний жазо қўллаганлиги, ўз касбий фаолиятига совуққонлик билан қараганлиги учун 15 нафар педагог ходимга маъмурий жазо, болага қўпол муомалада бўлганлиги учун эса 6 нафар педагог ходимга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилган. Шунингдек, болага оид қонунчилик бузилишига йўл қўйганлик учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органнинг 2 нафар ходимига нисбатан интизомий жазо белгиланган.
Сенаторлар томонидан бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш соҳасидаги ислоҳотлар ҳамда бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликка давлат органлари томонидан риоя этилиши юзасидан қатор фикр ва таклифлар билдирилди.
Муҳокама якунида Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Сенатнинг 15-ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Олий суди таркибига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Олий Мажлис Сенатининг мазкур масала юзасидан қабул қилинган қарорига мувофиқ Кахрамон Мирсафаев ва Махфират Очилова ўн йиллик муддатга Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси лавозимига сайланди.
Бошқа ишга ўтганлиги муносабати билан И.Болтаходжаева, Б.Исраилов, Г.Парпиева, Ж.Расулов, Н.Расулов, Н.Рахмонов, шунингдек, ўз аризасига биноан Ш.Болиев, Б.Тангабаев, Н.Хаджиматов Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси лавозимидан озод этилди.
Парламент юқори палатаси аъзолари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қарорларини тасдиқлаш масаласини ҳам муҳокама қилди ва Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Ялпи мажлисда жамият ҳаётининг барча соҳалари ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга ҳамда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлигини оширишга, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган 20 та масала, шу жумладан, 15 та қонун кўриб чиқилди.
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлиси якунланди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати
Ахборот хизмати