Журналистлар марказда яратилган шароитлар билан танишди
Сўнгги йилларда мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, ерлар унумдорлигини ошириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада илмий асосда иш олиб бориш, айниқса, тупроқ таркибини таҳлил қилиш орқали экин майдонлари ҳолатини ўрганиш ишлари муҳим аҳамият касб этмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Қорақалпоғистон Республикаси Агрокимёвий таҳлил марказига пресс-тур ташкил этилди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад – қишлоқ хўжалигида тупроқ таҳлилининг аҳамияти, агрокимёвий лабораторияларда амалга оширилаётган ишлар ҳамда соҳада жорий этилаётган замонавий технологиялар билан журналистларни яқиндан таништиришдан иборат бўлди.
Пресс-тур давомида иштирокчилар марказдаги лабораториялар фаолияти билан яқиндан танишди. Мутахассислар томонидан тупроқ намуналарини қабул қилиш, таҳлил жараёнлари, минерал ва органик ўғитлар таркибини аниқлаш ҳамда уларнинг давлат стандартларига мувофиқлигини текшириш босқичлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Таъкидланганидек, агрокимёвий таҳлиллар натижалари фермер ва деҳқонларга ердан унумли фойдаланиш, экин турига мос ўғитлардан тўғри фойдаланиш ва ҳосилдорликни ошириш бўйича илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқишда муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, агротехник тадбирларни ўз вақтида ва илмий асосда амалга ошириш, тупроқ ҳолатини узлуксиз таҳлил қилиб бориш ва ўғитлардан стандарт асосида фойдаланиш юқори ва сифатли ҳосил олишнинг муҳим омилларидан ҳисобланади. Марказда тупроқларнинг зарарли пестицидлар, оғир металл қолдиқлари ва бошқа моддалар билан ифлосланиш ҳолатини аниқлаш бўйича ҳам мониторинг ишлари олиб борилмоқда.
– Жаҳон банкининг ҳомийлиги ҳисобидан 96000 долларга Қорақалпоғистон Республикаси Агрокимёвий таҳлил маркази биноси қайта реконструкция қилиниб, бугунги кунда таъмирлаш ишлари тўлиқ якунланди, – дейди ушбу марказ раҳбари Тимур Абдиров. – Бугунги кунда марказ Германия, Россия ва Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган замонавий лаборатория ускуналари билан жиҳозланган.
Бу таҳлилларни юқори аниқлик билан тезкор амалга ошириш имконини бермоқда. Мутахассислар малакаси узлуксиз ошириб борилмоқда. Соҳадаги замонавий тажрибаларни амалиётга жорий этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси Агрокимёвий таҳлил маркази жорий йил шу кунга қадар фермерлар, кластерлар ва томорқа ер эгаларига тегишли суғориладиган экин майдонларидан 29987,4 гектарлик майдонга шартнома тузди. Тузилган шартномаларга асосан 22401 гектар экин майдонларининг тупроқлари таҳлилдан ўтказилиб, агрокимёвий картограммалар ишлаб чиқилди ва uzagrolab.uz электрон платформасига жойлаштирилди.
Шунингдек, истеъмолчиларни сифатли минерал ўғитлар билан таъминлаш мақсадида минерал ўғит ишлаб чиқарувчилар ва уни етказиб берувчилар билан ҳам 15 та шартнома тузилиб, 104 та намуна агрокимёвий таҳлилдан ўтказилиб тегишли хулосалар берилди.
Тадбирда иштирокчилар бундай очиқ мулоқотлар соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг жамоатчиликка етказишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Тадбир давомида журналистлар лабораторияда амалга оширилаётган таҳлил жараёнларини бевосита кузатиш имкониятига эга бўлиб, мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги