Китобхонликни ривожлантиришга қўшилаётган ҳисса

Сўнгги йилларда мамлакатимизда китобхонликни ривожлантириш борасида кўплаб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Президентимиз томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббуснинг тўртинчиси – ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этишга қаратилган.
Шунингдек, китобхонларга шароитларни яратиш учун ҳудудларда кутубхоналар сони тобора ортиб бормоқда.
Хусусан, Нукус тумани Ахборот-кутубхона маркази ёшларга нафақат китоб олиш, балки шинам муҳитда мутолаадан завқ олиш имкониятини ҳам тақдим этади.
Кутубхона жавонларидан адабий ва сиёсий, амалий ва табиий фанлар, филология ва тилшунослик каби 10 дан ортиқ йўналишдаги 25 мингдан ортиқ асарлар ўрин олган.
Мутахассисларнинг қайд этишича, мазкур зиё маскани ўқувчи ва тадқиқотчилар учун жозибадор маърифий масканга айланган. Китобхонлар эътиборига қорақалпоқ, ўзбек, рус ва инглиз тилларидаги бадиий асарлар ва энциклопедиялардан тортиб, болалар ва илмий-оммабоп китобларгача бўлган сара адабиётлар тўплами ҳавола этилади.
Кутубхонанинг абонент ва фойдаланувчиларга хизмат кўрсатиш, ахборот-коммуникация технологиялари ва ҳисобга олиш, ахборот-библиография, китоб фондини тўлдириш, сақлаш ва уларга ишлов бериш хизматлари жуда муҳим ҳисобланади.
Замонавий давр талаблари асосида рақамлаштириш бўйича Нукус тумани Ахборот-кутубхона маркази катта ишларни амалга оширган. Кутубхонанинг рақамли архивлари фойдаланувчилар учун электрон форматда китоб ва бошқа маълумотларни ўқиш имконини яратади. Интернет орқали масофавий фойдаланиш хизмати эса тадқиқотчилар ва китобхонларга дунёнинг исталган бурчагидан маълумот олиш имконини тақдим этади. «Unicat» тизими орқали фонддаги адабиётлар электрон базага киритиб борилмоқда. Марказнинг электрон ресурслар базасида жами 300 дона ахборот-библиография маълумотлари ва тестлар, мультфильмлар, дарсликлар жамланган 81 дона CD диск ўқув залида фойдаланувчилар эътиборига ҳавола этилган.


Кутубхона фақат мавжуд фонд билан чекланиб қолмасдан, йилдан-йилга янгиланиб бормоқда. Хусусан, 2023 йилда 1 минг 778 номдаги 9 минг 343 дона, 2024 йилда эса 335 номдаги 1 минг 229 дона янги адабиёт олиб келинди. Ўтган йили кутубхона фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва моддий базасини мустаҳкамлашга бюджет ва ҳокимлик харажатларидан жами 25 миллион 470 минг сўм маблағ ажратилиб, 86 номдаги 368 дона янги китоб ва матбуот (газета-журналлар) учун абонентлик йўлланмалари сотиб олинди.
– Бизда етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган китобхонларга сифатли хизмат кўрсатилади. Ўқув залида адабий китоблар билан бирга, газета-журналлар ўқиш, интернетдан бепул фойдаланиш ва электрон китобларни юклаб олиш имкониятлари яратилган, – дейди марказ директори Л. Нуримбетова. – Кутубхонанинг бугунги ривожланишини статистик кўрсаткичлар ҳам тасдиқлайди. Масалан, иштирокчиларнинг йиллик қатнов сони 41 минг 37 тага етди. Китоб тиражи эса ҳар йили 101 мингдан ошиб, узлуксиз ўсиш тенденциясини кўрсатиб турибди. Бу рақамлар Нукус тумани ёшларининг илм-фанга ва маънавиятга бўлган интилиши тобора ортиб бораётганининг яққол далилидир.
Ҳүрлиман Қалибаева,
Бердақ номидаги ҚДУ Қорақалпоқ филологияси ва журналистика факультети талабаси.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги