53 йиллик тажриба: деҳқончиликда барака ва муваффақият сири

38

Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги соҳасида ўзининг ҳалол меҳнати, катта тажрибаси ва тинимсиз изланиши билан юксак ютуқларга эришиб келаётган деҳқон-фермерлар замондошларига ўрнак бўлмоқда.

Ана шундай фидойи инсонлардан бири – Нукус шаҳрида яшовчи, кўп йиллик тажрибага эга деҳқон Нурмуҳаммед Досимбетов 53 йилдан буён ер билан ишлашни ҳаётининг асосий мазмунига айлантириб, деҳқончилик соҳасида бой тажриба тўплаган.

Н.Досимбетов бугунги кунда Нукус шаҳрида яшайди. Тахтакўпир туманида туғилиб ўсган. У болалигидан ер билан ишлашга қизиққан. Деҳқончиликнинг илк сирларини онасидан ўрганган.

– Илгари ҳамма нарса қўл меҳнати билан қилинарди. Онам билан бирга далага чиқиб, экин экишни, ерга ишлов беришни ўргандим. Шундан буён ер билан ишлаш ҳаётимнинг бир қисмига айланди, – дейди Н.Досимбетов. – Дастлаб қовун, тариқ ва маккажўхори каби экинларни экиб тажриба оширдим.

2002 йилда оилам билан Нукус шаҳрининг Хожан овулига кўчиб келгандан сўнг, томорқа учун ярим гектар ер олдим ва бу ерда ўз ишимни бошладим. Аввал боғ яратиб, ҳар хил мевали дарахтлар ўтқаздим. Айниқса, узум парваришига алоҳида эътибор қаратиб, ҳосил мўл бўлиб, узум савдосидан дастлабки катта даромад олдим. Ўша пайтдаги 2-3 миллион сўмлик фойда келажакдаги режаларимга катта туртки бўлди.

Сўнг Н.Досимбетов замонавий усулда иссиқхона қуришга қарор қилади. Дастлаб 1 сотих майдонда ташкил этилган иссиқхонада помидор, бодринг, саримсоқпиёз, петрушка, маккажўхори, тарвуз кўчатлари, қулупнай ва бошқа ҳар хил кўкат маҳсулотлари етиштира бошлайди.

Помидор ва бодринг учун доимий намлик ва ҳарорат талаб этилса, қулупнай алоҳида парвариш ва сифатли ўғит талаб қилади. Кўк ўтлар эса қисқа муддатда ҳосил бериб, бозорда тез сотилади. Айниқса, қиш мавсумида иссиқхонада етиштирилган янги маҳсулотларга талаб юқори бўлади.

– Иссиқхонада меҳнат кўп. Ҳароратни назорат қилмасанг ёки сувни вақтида бермасанг ҳосил камаяди. Лекин меҳнатнинг ортидан барака келади, – дейди тажрибали деҳқон.

Тинимсиз меҳнати натижасида у йилига икки марта ҳосил олишга эришмоқда. Етиштирилган маҳсулотлар Нукус шаҳридаги деҳқон бозорларига чиқарилади. Албатта, харидорлар табиий ва тоза маҳсулотларни мамнуният билан харид қилади.

Бугунги кунда Н.Досимбетов фақат деҳқончилик билан чекланиб қолмаган. У саломатлиги учун фойдали бўлган асаларичилик билан ҳам шуғулланмоқда. Дастлаб бир дона асалари қутиси билан бошлаган иши бугун аста-секин ривожланиб бормоқда. Йил якунида олинадиган табиий асал оиланинг яна бир даромад манбаига айланган.

Шунингдек, у бедана сақлашни ҳам йўлга қўйган. Айни пайтда уйида 50 га яқин бедана парваришланмоқда. Бедана тухуми ва гўшти фойдали бўлгани учун уларга бўлган талаб кучли. Кўп йиллик тажрибага эга деҳқоннинг фикрича, инсон ерга меҳр билан муносабатда бўлса, ер албатта, ўз мўл ҳосилини беради.

– Ҳозир ёшлар тайёр иш излайди. Аслида, ер билан ишлаш энг ҳалол касблардан бири. Ҳаракат қилган одам албатта натижага эришади, – дейди Н.Досимбетов.

Чиндан ҳам, бундай фидойи инсонларнинг меҳнати туфайли далаларда мўл ҳосил етиштирилиб, бозорларимиз тўлиб, халқимиз сифатли озиқ-овқат билан таъминланмоқда ва қишлоқ хўжалиги ривожига муносиб ҳисса қўшилмоқда.

Бахитли Жанназарова,

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети

Қорақалпоқ филологияси ва

журналистика факультетининг 1-курс талабаси.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.