Университетда Контент яратиш маркази очилди

28

«Юксалиш» ҳаракати ва Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида 2025 йилда Конрад Аденауэр фондининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган «Ўзбекистонда ижтимоий ривожланиш учун фуқаролик жамиятининг имкониятларини кенгайтириш» лойиҳаси доирасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди. Мазкур меморандумга мувофиқ университетда Контент яратиш маркази ташкил этиш режалаштирилган.

Европа Иттифоқи билан ҳамкорликда молиялаштирилаётган Конрад Аденауэр фондининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, миллий ҳамкор – «Юксалиш» ҳаракати билан амалга оширилаётган ушбу лойиҳа доирасида Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида Медиа хаб марказининг очилиш маросими ўтказилди.

Тадбирда «Юксалиш» ҳаракати раисининг биринчи ўринбосари, ижрочи директор А.Маматханов, «Юксалиш» ҳаракатининг Қорақалпоғистон Республикаси бўлими раиси Т.Романов, юридик факультет жамоаси ва лойиҳага аъзоликка қабул қилинган талаба-ёшлар иштирок этди.

Тадбир давомида сўзга чиққанлар, ушбу марказ ёшларнинг медиа саводхонлигини ошириш, замонавий контент яратиш кўникмаларини шакллантириш, ижодий ва инновацион ғояларни қўллаб-қувватлашда муҳим майдон бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.

Лойиҳа доирасида мақсадли ҳудудларда медиа саводхонлик даражасини ошириш, сохта маълумотлар тарқалишига қарши курашиш, фуқаролик жамияти ташкилотларининг рақамли воситалар ва тармоқланиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида Контент яратиш марказларини (А9) ташкил этиш кўзда тутилган.

Ушбу марказда ёшлар ҳуқуқий, мулоқот, медиа ва рақамли саводхонлик бўйича ўз билимларини ошириш, волонтёрлик тажрибасига эга бўлиш ҳамда долзарб ижтимоий масалалар – ёшлар ҳуқуқлари, атроф-муҳит барқарорлиги ва гендер тенглиги ҳақида хабардорликни оширувчи материаллар тайёрлаш имкониятига эга бўлади.

Марказ ёшларга маҳаллий ривожланиш жараёнларида фаол иштирок этиш, етакчилик ва жамоада ишлаш кўникмаларини шакллантириш ҳамда ҳудудлардаги фуқаролик жамияти институтлари учун рақамли тўсиқларни бартараф этиш платформаси бўлиб хизмат қилади.

– Нукус шаҳрида, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида ёшларимизнинг ижтимоий фаоллигини оширишга хизмат қиладиган янги бир маскан – «Контент яратиш маркази»нинг очилишида учрашиб турганимиздан жуда хурсандман, – дейди «Юксалиш» ҳаракати раисининг биринчи ўринбосари, ижрочи директор А.Маматханов. – Бу йирик лойиҳани биз кўп йиллик ишончли ҳамкоримиз – Конрад Аденауэр жамғармаси билан биргаликда амалга оширмоқдамиз.

Нега энди «Контент яратиш хаби»? Чунки бугун – ахборот асри. Бугун жамиятда кечаётган ислоҳотларни, ижтимоий муаммоларни ёки янги ташаббусларни кенг жамоатчиликка етказишда замонавий медиа технологияларнинг ўрни беқиёс.

Лекин, тан олиш керак, бугунги интернет ва ахборот маконида нафақат фойдали маълумотлар, балки ёлғон, асоссиз ва бемаъни контентлар ҳам кўпайиб кетди. Бундай шароитда ёшларимизнинг ахборот танлови масаласи, яъни медиа саводхонлик ҳаётий заруратга айланди.

Ёшлар интернетдаги турли алдовларга берилмаслиги, аксинча, ўзлари тўғри ва асосли ахборот тарқатувчи кучга айланиши керак.

Биз ушбу лойиҳа доирасида нафақат Қорақалпоқ давлат университетида, балки Қашқадарё ва Фарғона юридик техникумларида ҳам мана шундай марказларни ташкил этдик. Бугун очилаётган марказга тақдим этилган замонавий ноутбуклар, камералар ва бошқа зарур жиҳозлар (жами қиймати қарийб 7 минг евро) нафақат техника, балки ёшларнинг ғояларини профессионал даражага олиб чиқиш ва юқорида айтганимиздек, сифатли контент яратиш учун бир имкониятдир.

Шунингдек, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети Юридика факультетида «Хотин-қизлар ҳуқуқлари ва гендер зўравонликка қарши курашиш» ва «Рақамли коммуникация платформасини яратиш» мавзуларида ўқув-тренинглар ўтказилди. Меҳмонлар ушбу факультетда талаба-ёшлар учун яратилган замонавий шароитлар, таълим жараёнлари ҳамда ёшларнинг таълим олиши ва ижодий фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган имкониятлар билан яқиндан танишди.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги